15 February 2016
20:20 - Ўзбекистонга Зика вируси келишининг хавфи жуда кам

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига кўра, Жанубий Америкага тўғридан-тўғри рейсларнинг мавжуд эмаслиги туфайли Ўзбекистон фуқароларининг Зика вируси хасталигига чалиниши эҳтимоли минимал даражада. Бу ҳақда РИА “Новости”га интервью берган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Саидмурод Саидалиев: “Зика вируси ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қайд қилингани йўқ. Республика мазкур вирус оммавий равишда тарқалаётган Жанубий Америка мамлакатларига тўғридан-тўғри парвоз қилмайди”, - деган. Бундан ташқари Ўзбекистонга бу йўналишдаги сайёҳларнинг оқими ҳам паст. Бу ҳам вируснинг мамлакатимизгача келиши эҳтимолини пасайтиради.

“Ўткир респираторли инфекциялар ва грипп вирусининг кенг тарқалувчи мавсуми пайтида мамлакатда тиббий назорат ўрнатилади ва аэропорт ҳамда чегарадан ўтувчи барча ҳудудлар керакли ускуналар билан таъминланади”, — дейди Саидалиев ўрис агентлигига.