30 January 2016
10:43 - Женевада Сурия масаласи бўйича қандайдир учрашувлар бошланибди

29 январь куни Женевада Сурия масаласи бўйича АҚШ, Россия ва яна бир қатор Европа мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари, Сурия ҳукумати ва унга мухолиф бўлган кучларнинг вакиллари иштирокида музокралар бўлишини аввал хабар қилган эдик. Жаҳон ахборот воситалари кеча Женевада ростдан ҳам қандайдир учрашувлар бошланганини билдирмоқдалар, аммо уларни тўла қонли музокаралар деб айтиш мумкин ҳам эмас.

Маълум бўлишича, кеча БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура (расмда) Сурия делегацияси билан 2,5 соатлик суҳбат қилибди холос. Ҳақиқий музокралар ҳали бошланмаган. Россиянинг вакили бўладиган ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Геннадий Гатилов Женевага душанба куни келар эмиш. Аввал хабар қилганимиздек, Сурия режимига қарши курашаётган кучлардан бири бўлмиш Мухолифат Кенгаши Женевага боришдан бош тортган эди. Аммо, АҚШ Давлат Котиби Жон Керрининг мурожатидан кейин Мухолифат Кенгаши Женевадаги музокараларга ўз вакили ёки вакилларини юборадиган бўлибди.

Женева музокаралари бўйича “Ҳаракат”нинг фикри ўзгаргани йўқ: Жуда катта эҳтимоллик билан тахмин қилиш мумкинки, бу йиғилиш натижасиз битади. Сурия муаммоси фақат ва фақат қурол кучи билан ҳал этилади, Башар Асад режими Ғарб тарафидан куч билан йиқитилади. Воқеалар қачон битишини ҳозирча тахмин ҳам қилиб бўлмайди.