24 January 2016
23:08 - Абдураҳим Пўлат: АҚШнинг Атлантика океани бўйидаги Шарқий қисмида жума кечқуринидан якшанба эрталабгача кўчаларда ҳаёт ўлди, ҳамма воқеалар менинг атрофимда бўлди

Ростдан ҳам шундай бўлганини ўз кўзим билан кўрдим. Жума кунининг кечқуринидан якшанбанинг эрталабигача ҳаёт кўчаларда ўлди. Жума куни кечқурун бир марта, шанба куни бир неча марта ва якшанба куни эрталаб бир марта турмуш ўртоғимнинг эътирозларига қарамасдан атайлаб кўчага автомобилда чиқдим. Ҳар сафар автомобилимни турган ерида қор тагидан ковлаб олиш учун ярим соатдан 1 соатгача вақт кетди. Ишониб бўлмайдиган нарсаларни кўрдим. Кундуз куни автомобиллар билан лиқ тўла кўчаларда битта ўзим юрардим. Тўғри, жуда кўп кўчаларни қордан тозаловчи машиналар бор. Аммо, катта автобанларда, айниқса, қоронғида майда, аммо қалин қор туфайли узоқроқ жойлар кўринмас экан, одам ўзини ҳеч ким ким йўқ дунёда деб ўйлаб қўрқишга ҳам бошлар экан.

Якшанба куни бошимга шундай бало тушди. Машинам сирпаниб кетиб, йўл четидаги қор ичига ярмигача кириб кетди ва тиқилиб қолди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Ўзим билан қор тозаловчи белкурак олволганим учун машинамни ўзим ҳеч шошмасдан қордан ковлаб олишга бошладим. Жисмоний иш билан шуғулланганим сабабли бўлса керак, ортиқча совуқ сезганим ҳам йўқ. Ҳукуматининг қор тозаловчи машиналари бир неча марта олдимдан ўтишди, аммо биронтаси ҳатто “ёрдам керакмасми” деб сўрамади ҳам. Уларни тушуниш мумкиндир, балки. Чунки, улар асосан испан мардикорлар. Қолаверса, ҳеч кимнинг ёрдамига умид қилмай кўчага чиққандим. Шунинг учун автомбилимни ҳеч шошмасдан ўзим қордан чиқариб олдим.

Бундан майдароқ нарсалар бир неча марта бошимга тушди. Улардан биттасида менга ёрдамга келганлар бўлди. Аввал иккита йигит “келинг ёрдамлашамиз” дедилар. Машинамни мен орқага юрғазишга ҳаракат қилдим, улар ярим қор ичида бўлган автомбилни олдидан орқага қараб итаришди, аммо қор ичидан итариб чиқаришга кучлари етмади. Кейин гаплашиб ҳам қолдик. Покистонликлар экан. Шу пайтда олдимизда яна бир автомобиль тўхтатади, учта америкалик йигит ёрдам беришга киришишди. Аммо, машинам жойидан қимирламади. Уларга тушунтирдим - “Машинанинг мотори қорнинг устига чиқиб кетиб, ғилдираклари ерга тегмай қолган, шунинг учун автомобиль остидаги қорни чиқариб ташлаш керак.” Улар мен қилаётган ишни мендан тезроқ қилишди ва шундан кейин автомобилни 5 киши орқага итариб, қордан чиқариб олишга ёрдам беришди. Яъни, атрофда олижаноб одамлар ҳам бор эди.

Аслида, америкалик сиёсатчилар менинг ислом терроризмининг асослари ва хавфи ҳақидаги гапларимни ўша йигитлар каби тезда тушуниб етишса эди, ислом терроризмини йўқ илиш маслаласида ҳам тезроқ амалий натижаларга эришган бўлардик. Афсуски, реал ҳаёт бошқачароқ.

Қолаверса, иссиққина уйда ўтириб, “Ҳаракат” сайтини хабарлар билан тўлатиб ўтирсам бўларди. Мен том тескарисини қилдим ва шу сабабли, 10-15 йиллик тарихимизда биринчи марта 2 кун, яъни 23-24 январь кунлари сайтимизга хабар қўйилмади.

Тўғрисини айтса, дунёда хабарга аризийдиган воқеа ҳам бўлгани йўқ. Ҳамма воқеалар менинг автомобилим атрофида бўлди. Табиий, у воқеаларнинг биронтасини расмга олволиш ҳам ҳаёлимга келмади. Ҳаёлимга келса эди, ҳамма каби бўлиб қолардим.