22 January 2016
08:38 - Россияга яна бир зарба: Собиқ КГБчи Александр Литвиненконинг Лондонда ўлдирилишига Путиннинг ҳам алоқаси борлиги суд тарафидан тан олинди
Аввал СССР КГБсида, кейин унинг вориси Россия Федерал Хавфсизлик Хизматида (ФХХ) ишлаган Александр Литвиненко ўша пайтдаёқ ФХХни ифлослигини кўрсатиб берувчи айбномалар айтишга бошлаган ва ўзига қарши кетма-кет очилаётган жиноий ишлар туфайли 2000 йили Буюкбританияга қочиб кетганди.

2006 йил 1 ноябрь куни у Лондон меҳмонхоналаридан бирида ФХХдаги собиқ сафдоши Андрей Луговой ва яна 2 киши билан учрашди, бир неча соатдан кейин мазаси қочишга бошлади ва 23 ноябрда оламдан ўтди. Ўша пайтдаёқ уни радиактив полоний билан заҳарлаганлари ҳақида гапирилар эди. Мана кеча ниҳоят бу иш бўйича Лондон суди ўз ҳукмни эълон қилди.

Суд ҳукмида Александр Литвиненкони Лондондаги меҳмонхонада Андрей Луговой ва унинг дўсти Дмитрий Ковтун радиокатв полоний билан заҳарлаганлари исботлангани айтилишидан ташқари, улар бундай қотилликни амалга ошириш ҳақидаги буйруқни Россиянинг энг юқори даражали раҳбаридан олганлари урғуланади. Табиий, гап Россия Президенти Владимир Путин ҳақида кетмоқда.

Аслида ҳам шундай бўлган бўлса керак. Путиннинг мақсади ҳамма ФХХ ходимларига огоҳлантириш сигнали бериш ва ўзи ишлаган КГБ ходимидан қасд олиш бўлган.

Нима бўлганда ҳам, Лондон судининг ҳукми Владимир Путин ва Россияга катта зарба бўлиши аниқ. Шундоқ ҳам Ғарбнинг санкцияларидан кейин оғир аҳволда қолган Россия ва уни раҳбарининг аҳволи яна ҳам ёмонлашади.

Ҳозирча Россиянинг турли ўрта миён расмийлари Лондон судининг ҳукми бир тийинга қиммат провакация деб баҳолаш билан оворалар. Аммо, ахир бир кун Путиннинг ўзи ҳам бу ҳақда ўз фикрини очиқлашга мажбур бўлади. У нима гапирса ҳам ўз обрўсини қайта тиклаб ололмайди.

Расмда – ўлим тўшагида ётган Александр Литвиненко.