20 January 2016
20:09 - Жаҳон Банки Ўзбекистонннинг иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшмоқчи, бу яхши хабар
Штаб-квартираси Вашингтонда жойлашган Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер банк бундан буён ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди. Банкнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича раҳбари бўлган бу одам Ўзбекистон президенти Ислом Каримга хат ёзибди. “Жаҳон Банки гуруҳи бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни юқори баҳолайди ва бундан буён ҳам мамлакат билан ҳамкорлик концепциясидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон иқтисодий ривожланишига кўмаклашишда давом этади”, дейилган мактубни деярли барча маҳаллий нашрлар чоп қилди.

Мамлакатимиз ва нуфузли молия муассасаси томонидан имзоланган 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон Банки январь ойида Ўзбекистонга 3,5 -4 миллиард долларлик кредит бериши кутилмоқда. Фуқаролик жамияти вакиллари ва айрим халқаро ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотлар томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат борасида кўтарилаётган шов-шувли баёнотларнинг эса, банк учун бир тийинлик қиймати йўқ.