17 January 2016
18:25 - Юсуф Жума: Иқрорнома

Жамики бетолеъ, жамики беқут,
Ҳақ излаб ҳақиқат топмаган бодун.
Менга қарғиш ёғдир - бахтинг эмас бут
Юсуф айбдордир барчаси учун.

На сен гуноҳкорсан, на кўк гуноҳкор,
Тутқунлигинг учун ҳақгўй ботир, нек.
Менинг айбим билан эр ҳавога зор,
Менинг айбим билан дунёда йўқ эрк.

Етимлар хор бўлса - Юсуф ёзуғи,
Оналар зор бўлса - Юсуф ёзиғи,
Бу очун тор бўлса - Юсуф ёзуғи,
Мардлар тор-мор бўлса - Юсуф ёзуғи.

Ёвузлар ғолибми - боиси ўзим,
Сотқинлар ҳаётми - айби бўйнимда.
Мен боис дунёда - разолат тузум,
Мен хиёнат этдим аждод динига.

Жаҳонгирлик эди боболар йўли,
Шу муқаддас йўлни кўмиб ташладим.
Шу туфайли узун ёвузлик қўли,
Мен нодон шоирлик қила бошладим.

Шоирлик ҳам ишми, ҳезалаклар ҳам
Баёзлар битади кўз пешобидан.
Қилич ушламадим - бузилди олам,
Замин чиқиб кетди ҳақ офтобидан.

Мен черик тизмадим, тиздим сатрлар,
Ёғий овламадим, овладим кўнгил.
Отилмай қолдилар милярдлаб тирлар
Давлатлар - қулдордир, инсоният - қул!

Сотқинларга дорлар қурмадим қатор,
Кун чиқардан тортиб кун ботаргача.
Ёвузлар бошини қўмсар осмон - дор,
Кун чиқардан тортиб кунботаргача.

Шу туфайли бўлди одамзот бахтсиз,
Ўғлим, киргин динга - бўлгин жаҳонгир.
Гарчи эр шоирман, сергуноҳ - тахтсиз,
Эр шоир қайдаю, қайда эр Темур?!

14 январ, 2016 йил