15 January 2016
21:00 - Юсуф Жума: Акром Йўлдош 4,5 йил аввал Нукус турмасида соппа-соғ эди, у 5 йил аввал ўлганлиги ҳақидаги гаплар ёлғон

Акром Йўлдошев беш йил бурун ўлган эмиш. Бу ғирт ёлғон! “Озодлик”нинг ва ББC нинг Ўзбек бўлимлари билибми билмай Каримовга ишлашади. Манбалари ҳам МХХ.

Гулнора Каримова жиноятлари юзасидан ҳам Каримовга ишлашади. Ота қизлар ораси ёмон эмиш, Каримов компютерни, интернетни билмас эмиш. Гўё Гулнора нопоку Каримов пок, Гугушанинг жиноятларидан бехабар, бечорагина Каримов.

Унда Компютер учун пул қаёқда?! Қолаверса, интернет Ўзбекистонда тўсилган. Шўрлик мустабидга қийин. . . Йўқса қизининг нопок ишларига рози бўлармиди?!

Каримов интернетни мухолифатдан яхши билади. Энг замонавий компютерлар хонасида туради.

Акром Йўлдошев Нукус турмасида, 1-қаватда, кириш эшигидан чап тарафда, энг охирги камерада. Бир ўзи эмас. Камерадошлари ҳам ўзидай инсонлар бўлса керак. Тангри уларни асрасин, омон ва озод бўлсинлар!

Акром Йўлдошевни 2010 йил декабр ойида ўз кўзим билан кўрганман. Мен оперлар хонаси олдида турардим. Акром Йўлдош ва камерадошлари юқоридан - сайрдан тушишди. Ҳеч қандай оғир хасталиги йўқ. Қадди тик, вазмин, оғир одимларди.

Суддаги видеодаги “иқрор” МХХ иши. Оғзидаги оқ дока уни касал қилиб кўрсатиш ва истаган вақтда ўлдириш учун. Ёзи қиш уч ярим йил Жаслиқдан Нукусга, Нукусдан Жаслиққа “воронок”да йўллар чақир-чуқур, “воронок”да сув яхлайди, оч юпун, ёзда оловнинг ичидай, этап этиб қийнашади. “Жаслиқ”ни қанчалик билсам Нукус турмасини ҳам шунчалик биламан.

“Жаслиқ” Ўзбекистоннинг энг даҳшатли қамоқхонаси, Бухоронинг “Отбозори” ва Нукус турмалари - энг даҳшатли турмалари. Кимни ўлдириш керак бўлса уч зиндоннинг бирида ўлдирадилар. Жаслиққа бораётганини билган айрим маҳкумлар ўзларини ўлдирадилар. У ерда тутқун бўлгандан ўлимни афзал билишади.

2011 йил май ойида охирги маротаба Нукус турмасига олиб боришди. Шунда ҳам Акром Йўлдошев тирик, соғ эди. Албатта айрим майда касалликлари бордир, лекин оғир хаста эмасди. Тўрт ярим йил бурун тирик инсон қандоқ беш йил бурун ўлган бўлсин!

Жаслиқда Акром Йўлдошевнинг ёрдамчиларидан Расул билан ҳам бир отрядда, ёнма ён камерада эдим. Ниҳоятда тоза йигит. Иқтисод, ишлаб чиқариш пири. Қани имкони бўлса шундай йигитларни бош вазир, ҳокимлар қилиб сайласанг, эл нақадар фаравон яшарди. Мен уларни ҳар куни эслайман, ачинаман. Тангридан уларга тоқат, озодлик, умр сўрайман. Четдаги калтабин мухолифат билан гаплашсанг кўнглинг айнийди, улар билан гаплашсанг кўнглинг қувонади.

Нега “Озодлик” манбалари - МХХ малайлари сайраб қолишди?

1. Акром Йўлдошнинг жазо муддати охирлади, уни озод этиш талабидан қутулиш учун.
2. Мухолифат Ўзбекистонга қайтмайди деган маънода И. Каримов гапиргач, мен ёздим: Мустабид нодон мухолифат ва ярим МХХ - “Озодлик” ва “ББC” сафсата сотаётгандай Каримов мухолифатни юртга қўймайман деяётгани йўқ, уларни ўлдираман демоқда, ўзи ўлганча барчамизни ўлдирмоқчи, Шу жумладан Акром Йўлдошни ҳам. Миш-миш тарқатди, ҳамма кўниккач, ўлдирмоқчи, Тангри асрасин!

Яна бир марҳум маҳкум ҳақида. Энг охирги ўғри аталган Йўлдошни ҳам Нукус турмасида ўлдиртирди. Заҳарладилар, чириб ўлди. Турмада ҳам инсонлигини йўқотмаган, ҳаммага борини едирган.

Яна бир муҳим ҳақиқатни айтай: Акром Йўлдош Андижон воқеаларига бошчилик қилди дейиш ғирт тентаклик. Андижон воқеаларини мустабид Каримов бошқарди. Катта сиёсий ўйин эди. Рангли инқилобларни тўхтатиш учун Москва билан Москва малайи Каримовнинг ўйини.
Акром Йўлдошдай сиёсий маҳкумларга ҳаво ҳам ўлчаб берилади.

“Бахти қаро яхши билур бахти қаронинг дардини” - дейди буюк Бобораҳим Машраб.

Наҳотки, барчанинг эси кетган?! Нега ўттиз миллиондан ошиқ элдан бири сўрамайди: “Нега ўн йилдан ошиқ вақтда ўзининг қайердалигини маълум қила олмаяпдию, қандай қилиб исённи бошқарсин?! ”

Кўзи очиқларни ҳеч бўлмаса Акром Йўлдошни омон сақлаш масаласида ҳаракат қилишга чорлайман.

Акром Йўлдошлар ўлими - фақат оилаларининг эмас, миллатнинг фожеаси. Мен Акром Йўлдошнинг Нукусдалигини қариндошлари ҳам билмаслигини билмасдим, йўқса бурунроқ ёзардим.

Жаслиқ ва бошқа зиндонларда кўрганларим ҳақида китоб ёзганман, “Озодлик”нинг ўзбек бўлими бошлиғи Алишер Сиддиқ “Озодлик” учун сўраганди. Ноэр чиқди - сўзида турмади.

Бу ишлари учун Алишер Сиддиқ ва Шуҳрат Бобожонлар албатта жавоб берадилар. Алишер Сиддиқ “ББC” дан “Озодлик”ка келиб қандоқ бошлиқ бўлиб кўкарганини фақат ахмоқларгина англамайди, бизда эса оммавий аҳмоқлик!

Шуҳрат Бобожон сиғинадиган бути ҳақида бир оғиз ҳақиқатни айтсам миллатга хиёнат этди, хотираларим мен учун эмас, миллат учун муҳим эди. Бу Шуҳрат Бобожон ва маҳалладошларининг биринчи хиёнати эмас, охиргиси ҳам эмас. Бу тўда сотқинликларидан миллат параконда бўлди. Акром Йўлдошлар зиндонларда.

Алқисса ББC ва “Озодлик”нинг ўзбек бўлимларини буткул тозалаш керак, барининг ўрнида биргина Жаҳонгир Муҳаммад ишласа, миллат учун, минг карра фойдали бўларди. У “Америка овози”да ишлаганда мустабидга ларза соларди. Афсуски, юртдаги ўзбеклар қанчалик курашмаса, четдаги ўзбеклар ҳам шунчалик курашмайди, курашмаган эл ўлади.

2016 йил 11 январ