14 January 2016
22:17 - Тошкентда уй-жойлар баҳоси пасайди

Ўтган йилдан бери Тошкент иккиламчи уй бозорида ўртача таклиф нархи 1 квадрат метр учун 777 АҚШ долларидан 665 АҚШ долларигача тушди. Бу эса 14,4 фоиз пасайишга тенг. Credo Max Estimation баҳолаш марказига кўра, ҳатто бундан бир ой аввал ҳам нархлар тушишда давом этган ва ой якунларига кўра, 1 квадрат метр учун 665 АҚШ долларини (ноябрь ойидагига нисбатан 3 фоизлик пасайиш) ташкил қилган.

Панель уйлардаги квартиралар ўртача нархида 650 доллардан 628 долларга, ғишт уйлардаги - 736 доллардан 715 долларга тушиш қайд этилибди. Нархлардаги пасайиш барча турдаги квартира нархларига таллуққли бўлиб, 1 хонали уйлар нархи 693 доллардан 674 га, 2 хонали уйлар нархи 668 дан 648 га ва 3 хонали уйлар нархи 689 доллардан 668 га тушган. Уй нархлари пойтахтнинг фақатгина Учтепа туманида ўзгармаган.