13 January 2016
19:24 - Истанбул теракти қурбонлари орасида ўзбеклар йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. аммо терактни турклар уюштиргани аниқ
Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги махсус баёнот тарқатиб, кеча Туркиянинг Истанбул шаҳрида содир бўлган теракт қурбонлари орасида ўзбекистонликлар йўқлигини билдирди. Маълум бўлишича, Туркиядаги элчихонамиз вазирликка бундай маълумотларни йўллаб, ўзбекистонликларни тинчлантирибди.

Эслатиш керакки, куни кеча Истанбулнинг Султонаҳмад майдонида рўй берган кучли портлаш оқибатида 10 киши ҳалок бўлди ва 15 киши яраланди. Қурбонлар ким эканлиги ҳақида ҳатто Туркия ахборот воситаларида ҳам турлича маълумотлар берилмоқда. Баъзи хабарларга кўра, ҳалок бўлганларнинг 9 нафари Германия фуқаролари бўлиб, жабрланганлар орасида Перу, Норвегия ҳамда Жанубий Корея фуқаролари ҳам бор. Бошқа хабарларга кўра, ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси немислар.

Аммо, бир нарса аниқ, террористик акт қурбонлари ичида ўзбеклар бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки, ўзбеклар ҳамма ерда мардикорчилик билан шуғулланишади, биронта ўзбек Султонаҳмад майдонини кўриш учун у ерга келишини тасаввур ҳам қилиб бўладими?

Айни замонда шуни ҳам урғулаш керакки, Туркия ҳукумати бу террористик актни ИШИД қилди деб айтиши ҳақиқатдан узоқ нарса. Маълумки, Туркияда ўзини аввал нурчилар деб атаган, ҳозир фатхулла-гуленчиларга айланганларнинг кўпчилиги ИШИДни қўллаб-қувватлаш йўлига ўтганлар. Истанбулдаги террористик ҳужумнинг орқасида айнан фатхулла-гуленчилар турганлиги шубҳасиз. Аммо, ҳозир Фатхулла Гулен АҚШда яшамоқда, америкаликлар бу хусусда нима дейишади? Кўрамиз, кутамиз.