10 January 2016
12:36 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Ўғриларнинг ҳомийлари ким?”

Болалар врачи Баҳром Худойназаров банкдан 250 000 000 (икки юз эллик миллион) сўм кредит олиб хусусий шифохона қурган. Биринчи тўлови 60 миллион сўмдан 120 миллион сўмга иккита намунали коттедж, 72 миллион сўмга “МАЛИБУ” русумли автомашина, Тошкент шаҳри Ганга даҳасидан 70 минг АҚШ долларига 3 хонали квартира сотиб олган.

Тадбиркор врач ва хотини ишда пайтида, уларнинг Денов шаҳар, В.Дадабоева кўчаси 34-уй манзилдаги ҳовлисида 2014 йил 28 апрель куни ўғирлик содир бўлгани, темир сейфида сақланган 43.000 АҚШ доллар, 15 милён ўзбек сўми, 50.000 сўмлик тақинчоқлар ва бир дона “ASUS” русумли ноутбок ўғирлангани тўғрисида ариза бергач, туман ИИБ терговчиси М.Саломов ўша куни ЖКнинг 169-моддаси, 4-қисми “а” банди билан № 9-14-22060-сонли жиноят иши қўзғатган.

Педагог Ч.Жумаева иштирокида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Денов туман, 80-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7 нафар 2, 3, 7-синф ўқувчиларининг: - 28 апрель куни эрталаб соат 10:30 да ҳовлининг орқа тарафидаги очиқ эшиги олдида бир қиз “тез” келинглар., деб телефонда гаплашиб тургани, кундуз 14:30 ларгача ҳовли дарвозаси очиқ бўлгани, бири оқ ҳожи дўппи кийган 4 нафар эркак бири сариқ, бири қора сочли 19 – 20 ёшлардаги икки нафар қиз билан сўрида ўтиришиб русча гаплашганлари, улардан бири итни қувлаб, уриб оғзини қонатгани, эшик олдида ВАЗ 2106 русумли оқ, давлат рақами охири 14 бўлган автомашина тургани, ичкаридан тожикча қўшиқ темир кесувчи “болгарка” овози эшитилиб тургани, машина ёнида целлофан халтадан пачка 5000 сўмлик пул тушиб қолганида тепакал одам қизларга пулни олинглар дегани, пул жойланган машина кетгач, қаймоқ рангли Жигулида бир таксист келиб сенлар ўғирлик қиляпсилар иккиюз минг сўм берасилар деб кал одам билан келишаолмай кетиб қолгани., ҳақидаги кўргазмалари жиноят ишининг биринчи қисмида мавжуд.

Етти нафар гувоҳнинг кўргазмалари бир бирини тўлдиришдан ташқари, улар бу шахсларнинг ёши, ташқи кўриниши, кийимлари қўл телефон русумларигача жуда аниқ тасвирлаб берганлар. Ўқувчилардан бири ҳатто қора сочли қизнинг уйини аниқ кўрсатиб, унинг тўйида қатнашгани, ўша қиз тўйдан сўнг икки ой ўтиб ажрашиб кетгани., ҳақида олдин ҳам жиноят қидирув бўлими ходимига айтганман., деб кўргазма берган.

Ушбу кўргазмалар бўйича тайёрланган фоторобот суратлар асосида ўғриларни топиб қўлга олиш арафасида дастлабки тергов ҳаракатлари жиноят содир қилган шахсни аниқлаш имкони бўлмагани сабабли, деган важ билан 01.06.2014 йилда вақтинча ҳаракатдан тўхтатилиб, терговчи М.Саломов мазкур ишдан четлатилиб, қарийб бир йил “музлатиб” қўйилган.

Денов туман ИИБнинг яна бир терговчиси Р.Нарбоев 2015 йил 09 май куни мазкур ишни юритувга олганидан сўнг жиноят иши биринчи серияси иккинчисига мутлақа тўғри келмайдиган детектив фильмга ўхшаб қолган. Денов туман прокурори Р.А.Намазов 2015 йилнинг июнь ойида тасдиқлаб судга юборган айблов хулосасида мактаб ўқувчиларининг ушбу кўргазмалари ҳақида бирор жумла йўқ?!

Яъни, иккинчи серия сценарийси бўйича дастлаб Б.Худойназаров билан бир маҳаллада яшайдиган яқин ошнаси Акбарали Эшниёзовга маст ҳолда келинини ҳақорот қилган деган важ билан маъмурий иш қўзғатилиб 10 кун қамоқ жазоси тайинланади. ВСҲда Акбаралини тезкор ходимлар уч кун ухлатмасдан уриб, электр токи билан “ишлов” берганларидан сўнг у комага тушгач тез ёрдам орқали врач чақирганларини кейинчалик у билан бир камерада бўлган бир йигит Акбаралининг хотинига айтиб исмини ошкор этмасликни сўрган...

Акбаралининг ўғли Ислом отасини кўришга борганида туман ИИБ ЖҚБ тезкор ходими уйларингда компьютерь борми деб сўрайди. Ислом ноутбок бор деганидан сўнг, Акбаралига ўғлинг ноутбокни олиб келсин деб таъзийқ ўтказишгач, у хотинига қўнғироқ қилиб Ислом ноутбогини терговчига берсин., дейди.

Ноутбокни олиб борган куни Исломдан Б.Худойназаровникида содир бўлган ўғирликни бўйнига олишни талаб қилиб таъзийқ ўтказганлар. Зўравонларга бўйин эгмаган Исломни отаси Акбарали Эшниёзов билан учраштирганларида у: - ўғлим булар нима деса қўл қўйиб бер, бўлмаса икковимизни ҳам майиб қилишади, бор гапни судда айтамиз., деб ялинган. Отасининг оғир аҳволини кўрган Ислом терговчи олдиндан тайёрлаган сўроқ баённомаларига қўл қўйишга мажбур бўлган. Лола Йўлдошевани ҳали вояга етмаган ўғлининг қонуний вакили сифатида жалб этганларида терговчининг олдида Ислом: - бу ишларни “Игра” деган рус сериалидан ўрганиб, Баҳром аканинг бетон деворидан ошиб тушиб, уидаги темир сейфини болгарка билан кесиб, ичидаги пулларни ўғирлаганман ва сўнг отам билан бирга бу пулларни ишлатиб юборганмиз., деганидан сўнг, бу фитнадан бехабар шўрлик она ҳангу-манг бўлиб сўроқ баённомасига имзо қўйишдан ўзга иложи қолмаган?!

Шундан сўнг, терговчи Р.Нарбоев Исломни уйига олиб келиб, унга мева – чева сақланадиган хона ичидаги ерни ковлатиб целлофанга ўралган далилий аъшёни кўмдирган ва қайта қазиб олаётган ҳолда видеотасвирга олиб холислар иштирокида очганида жиноят ишининг биринчи сериясида Б.Худойназаровнинг уйидан ўғирланган жигарранг ноутбок чиққан?!

Ислом Абдукаримов Денов енгил саноат касб-ҳунар коллежининг “комьютерлаштириш ва созлаш йўналиши” бўйича 3-босқич ўқувчиси. Намунали хулқи ва аълочи бўлганлиги учун уни етакчи этиб сайлаган унинг ноутбоги қора рангли экани, Ислом ўғирлик қилмаганлигини билган курсдошлари бу туҳматдан жуда қаттиқ ғазабланганлар. Коллеж директори О.Назаров бу ишни тафтиш қилиб: - Ислом Абдукаримов 2014 йил 28 апрель куни дарс машғулотларига қатнашганлиги., тўғрисида туман ИИБга маълумотнома тақдим этсада, терговчи ушбу муҳим алибини инобатга олмасдан, Л.Йўлдошевага ўғлингиз ўғирликни бўйнига олди., моддий зарарни тўласангиз ўғлингиз чиқади., деб алдаб, Лоланинг шахсий “Несксия” автомашинасини қонунга хилоф тарзда, суд ҳукмисиз Б.Худойназаров фойдасига нотариал тартибда расмийлаштириб берган.

Терговчи Р.Нарбоев жабрланувчига етказилган моддий зарарни 114 миллион 926 минг 170 сўм баҳолагач, жиноий даромад ҳисобига сотиб олинган деган важ асосида А.Эшниёзовнинг уйида мавжуд бўлган телевизор, стол, стул, шкаф, конденционер хуллас пулга чақиш мумкин бўлган барча рўзғор аъшёлари хатлаб ҳужжатлаштирган.

Мазкур жиноят ишининг ғайри – табиийлиги шундаки, жиноят содир бўлган куни Акбарали Эшниёзов Хоразмда, Ислом эса коллежда дарсда бўлганлиги, уларнинг ўғирликга мутлақа алоқаси йўқлигини исботловчи етарли алиби, жиноятни мутлақа бошқа шахслар содир этганлигини кўрган 7 нафар ўқувчининг гувоҳлик кўргазмалари мавжуд бўлсада туман прокурори Р.Намазов жиноят иши билан танишмасдан, айбланувчиларни қабул қилиб улар билан суҳбатлашмасдан айблов хулосасини кўр-кўрона тасдиқлаб ишни судга оширган?!

Суд маҳкамаси бошланган пайтда Ислом Абдукаримов балоғат ёшига етган бўлсада, ЖПК талабига хилоф тарзда суд мажлиси ёпиқ ўтказилган. Ҳимоячи А.Эгамбердиевнинг ҳақийқий жиноятчиларни кўрган мактаб ўқувчиларини педагог иштирокида сўроқ қилган терговчи М.Саломовни судга чақириш, ўғирлик содир бўлган куни А.Эшниёзов Хоразм вилоятида, Ислом Абдукаримов дарсда бўлганлиги тўғрисидаги алибиларга юридик баҳо бериш тўғрисидаги илтимослари инобатга олинмаган?! Ота бола ўта оғир қийноқлар остида бу жиноятни бўйинларига олишга мажбур бўлганликларини айтсаларда буни ЖИБ Денов туман судьяси Р.Қутибеков жиноятдан бўйин товлаш учун баҳона деб талқин этиб, 2015 йил 21 сентябрь куни уларни 6 йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Жиноят содир бўлган пайтда Ислом вояга етмаган бўлсада, унга нисбатан амнистия акти қўлланмаган?!

Суд жараёнида Б.Худойназаровдан сейфида сақланган 43000 АҚШ доллори қаердан пайдо бўлган саволга Тошкент шаҳридан квартира сотиб олиш учун уларни Умар деган валютачини уйга чақириб алмаштирганман, десада у бу маблағларнинг асл манбасини исботлаб бераолмаган. Ҳолбуки, у ўғирликдан анча олдин Ганга даҳасидан 70 АҚШ долларига сотиб олган квартирасига Акабарали Эшниёзов билан бирга борган?! Суд жараёнидаги бошқа қонунбузарликлар каби валюта алмаштиришга оид ушбу жиноят бўйича ҳам судда қатнашган туман прокурори ўринбосари Ж.Рахимов бирор муносабат билдирмаган.

Моддий қийинчилликлар туфайли адвокат ёллаб аппеляция шикояти бераолмасда, дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида қонуний вакил сифатида қатнашган Л.Йўлдошеванинг кассация шикоятини ўғлингизнинг ўзи ёзсин., деб ЖИБ Сурхондарё вилоят суди қабул қилмаган. Айни мазмундаги шикояти бўйича вилоят прокуроридан ҳам жавоб бергани йўқ.

Терговчиларнинг айбловини тасдиқлашга ихтисослашган судья Р.Қутибековнинг адолатсиз ҳукми асосида барча мол – мулки талон, ҳатто ҳовлисининг темир дарвозаси ҳам қўпориб олинган Лола Йўлдошева Тошкентга келиб мактаб ўқувчиларининг кўргазмалари ва коллеж маълумотномасидан нусхалар илова этиб Бош прокурор ва ИИВга топширган шикоятлари кетма – кет “Дунё ўзбеклари” ва бошқа интернет нашрларида чоп этилгач, ҳақийқий ўғрилар фош бўлишидан хавотирга тушган жиноятнинг асл ташкилотчилари коллеж раҳбари ва ўқитувчиларни туман ИИБга чақириб: - 2014 йил 28 апрель куни Ислом Абдукаримов дарсда иштирок этмаган., деган мазмунда тушунтириш хати ёзишни талаб қилганлар. Бир неча ўқитувчилар таъзийқ остида тушунтириш хати ёзсаларда, гуруҳ раҳбари Ш.Бердиева: - Ислом энг намунали ўқувчи бўлгани учун гуруҳ етакчиси этиб сайлаб қўйилган, у ўша куни дарсларда тўлиқ қатнашганига барча курсдошлари гувоҳ, мен бу туҳматга қўшилмайман., деб тушунтириш хати ёзишдан бош тортган.

Аслида, Денов туман ИИБ ходимлари ушбу ҳаракатлари билан ҳақийқий ўғрилар фош этилмаслик учун ота – болага туҳмат уюштирганликларини тўлиқ исботлаган бўлсаларда, манманлик билан ўз қудратларини намойиш этиш учун ўжар гуруҳ раҳбари Ш.Бердиевани ишдан четлатишга эришдилар. Ҳақиқатни айтган муаллима бугун ишсиз!

Терговчи Р.Нарбоев таъмагирлик қилганлигини тасдиқловчи Л.Йўлдошева тақдим этган аудиоёзув ва бошқа далиллар бўйича Республика ИИВ мулозими А.Мусурмонов хизмат текшируви бошлагач, терговчи Р.Нарбоевнинг ота-онаси А.Эшниёзовнинг отасиникига келиб: - келинингиз даъвосидан воз кечсин., Рустам бу ишни мажбуран қилган, Акбарали ва набирангиз айбсизлигини биламиз., деган. Қўл телефонда гаплашганларида Р.Нарбоев ҳам отасининг гапини тасдиқлаган...

Нафақат мактаб ўқувчилари шу маҳаллада яшайдиган катта одамлар ҳам бу ўғирликни мутлақа бошқалар қилганлигини билишади. Нега терговчи М.Саломов жиноят фош этилиш арафасида ишдан четлатилиб, жиноят иши бир йил “музлатиб” қўилди? Ҳақиқатни айтган коллеж муаллимаси Ш.Бердиевага нега таъзийқ ўтказилмоқда? Нега терговчи Р.Нарбоев ҳам бу ишни мажбуран қилганман., демоқда? Озодликда юрган ўғрилар ҳимояси учун ҳатто туман ИИБ терговчиларига таъзийқ ўтказган ул қудратли зот ким?!

Бу орада деновликларни хавотирга солган яна бир жиноят содир бўлди. Яъни, худди шу Баҳром Худойназаровнинг яқин ошнаси, тадбиркор Абдураҳмон Қиличевнининг уйига бир гуруҳ жиноятчилар кириб, уни бола чақаси билан бирга қийноққа солиб, 15.000 АҚШ доллар пулини олиб, оғизларини скочлаб кетганлар. Икки нафар баққуват ўғрилар калтаги зарбидан майиб бўлган А.Қиличев Ҳиндистонга даволаниш учун борганида вафот этган. Ушбу босқинчилик бўйича ҳам А.Қиличевнинг оила аъзолари кўрса танийдиган жиноятчилар ҳануз топилган йўқ! Бу жиноят ишини ҳам бирон йил “музлатиб” Исломга ўхшаган бир бечоранинг бўйнига “илиб” қўймасликларига ким кафолат беради?!

Афсонавий разведкачи Рудольф Иванович Абельни суд қилганларида, нега ҳимоячидан воз кечдингиз деб сўрашганид: - адвокатнинг тирноқлари кир эди, ўзини ҳурмат қилмайдиган одам мени қандай ҳимоя қилиши мумкин., деган экан. АҚШ суди 25 йилга ҳукм қилган разведкачи тақдир тақозасига кўра Москвага қайтгач КГБ мактабида дарс берган. Ислом Абдукаримов нафақат намунали ўқувчи, ана шу Рудолф Абель қўлида таҳсил олган, таниқли ўзбек разведкачиси Абдусмат Турсунович Эшниёзовнинг набираси ҳамдир. Шу боис, ҳалоллиги ва тўғрисўзлиги билан обрў қозонган Эшниёзовлар оласининг бирданига икки вакилининг туҳмат асосида қамалиши, уларнинг тергов даврида қийноққа солингани ҳақидаги хабарлар Деновда катта шов – шувларга сабаб бўлди.

Қайнатамнинг Президентимизга жуда ихлоси жуда баланд эди, шу боис набирасига Ислом деб исм қўйганди, мана ана шу ёлғиз ўғлим ҳам Навоий турмасида ўтирипти, бу зулмнинг чеки борми., деркан онанинг кўзларидан ёш дувуллаб яноқларга тўкилади. Халқимизда ихлос – халос деган гаплар бор, балким бу гаплар етиб борса Президентимиз ёш адашини халос этар., деб Лолахонни овутамиз...

Агар, ошкора туҳматга асосланган бу тахлит ишларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев, Ички Ишлар вазири А.Аҳмадбоевлар дарҳол ўз назоратларига олмасалар бегуноҳ Исломлар яна янги фитналар қурбони бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бераолмайди. Қолеверса, бу нафақат бош прокурор ёки вазирнинг иши, айни вақтда бу ишлар миллат фожиаси ҳамдир!

Суд ижрочилари уйидаги ҳамма нарсани тортиб олишгач, қўпорилган темир дарвозаси ўрнини ғишт уриб беркитиб, айни кунларда Президент ва Бош прокурор қабулига кириш учун Тошкентга келган, туҳмат қурбони бўлган эри ва ўғли ҳимоясига отланган Лола Йўлдошевага ёрдам берадиган қудратли куч борми Ўзбекистонда?!