06 January 2016
18:11 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Амир Темурнинг узук-муҳри ва унинг тарихи ҳақида мақола

Ўтмишдан садолар: Одамнинг том маънода бахтли бўлишлиги учун, шон-шуҳратга бурканган буюк ўтмиши ҳам бўлиши керак! (Симонид Кеосский, эрамиздан олдинги 5 аср)


Хайит Ғафур

Ҳукмингизга ҳавола этилаётган "СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУРНИНГ УЗУГИ" тарихий мақоласининг асл қўл ёзмасининг муалифи шоир ва адиб Абдулла Тошқиндир. Абдулла Тошқин Афғонистоннинг Қундуз волоятининг Седарак туманида туғилиб ўсган ва ўрта таълим мактабини битириб, сўнг Қобул Университетида таҳсил олган.

Кўп йиллар давомида ўрта мактабда дарс берган. Сўнг Афғонистон Маориф вазирлиги ҳузуридаги ўзбек тили ва адабиёти нашриётида маъсул ходим бўлиб ишлаган. Абдулла Тошқин 1981 инчи йилдан эътиборан Афғонистон ёзувчилари уюшмасининг аъзосидир.

Мамлакатимиз мустаққиликга эришган йилларида ота юрти-Ўзбекистонга кўчиб келган ва Тошкент Шарқшунослик институти ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида пушту ва дарий тилларидан дарс берган.

Абдулла Тошқиннинг кўплаб шеърлари, ҳикоялари ва тарихий мавзуларга оид мақолалари, шунингдек Ўткир Абдурахимов билан ҳамкорликда ёзган "Фироқ водийсида" номли тарихий асари ҳам мавжуд.

Тошқиннинг тарихий-илмий мақолаларидан бири, аслида Соҳибқирон Амир Темурга тегишли бўлгани эътироф этиладиган нефрит(яшм) тошли олтин узук ҳақида ҳикоя қилувчи асаридир.

Бу ёруғ дунёнинг улуғ ва буюк ҳукумдори, енгилмас қўмондони, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти сўнгида, видолашув онлари олдидан суюкли фарзанди Султон Шоҳрух Мирзога нефрит кўзли олтин узугини ёдгорлик-инъом сифатида қолдирганлиги ҳақида тарихий манбаларда ёзилган. Кейинчалик бу олтин узук, буюк салтанат рамзи сифатида Темурийзода Султон Ҳусайн Бойқаро қўлига ўтгани ҳақида тарихий китобларда гувоҳлик бериб ўтилган.

Қўлёзмани ўқиб ўрганишим давомида унинг айрим жойларида, жанубий Туркистон (хозирдаги Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари) ўзбеклари орасида муомалада бўлган чиғатой лаҳжаларидан сўзлар қўланилганлиги, ҳозирда Марказий Осиё, шарқ, ғарб ҳамда араб мамлакатларида яшаётган миллатдошларимизга ҳам бу асар тушунарли бўлишлиги учун уни замонавий ўзбек адабий тилида ёзиш зарурати юзага чиқди.

Шунингдек, бир неча йиллар изланишларим давомида, илгари Абдулла Тошқин ўз мақоласида киритиб ўтмаган айрим воқеалар, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳаётининг сўнги дамлари кечган жойлар номлари, подшоҳ ва унинг энг ишончли дўсти, сафдоши бўлган олий вазир Мир Алишер Навоий ҳазратлари қабрларининг очилишида (1965 йил) иштирок этган шахслар ҳақида қўшимча маълумотларни бериб ўтдим.

Албатта, бу ёзган мақоламизда берган малумотларимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг узуги тарихини тўла ёритиб беролмайди. Сабаби Абдулла Тошқин ҳам, мен ҳам узукнинг тарихини тўла ўрганиш имкониятидан четдамиз.

Шунга қарамай бу хайрли ишга қўл уришимиз, ўтмиш аждодларимизнинг шон-шуҳратга бурканган буюк ўтмишидан хотира сифатидаги узук ҳукумдор Соҳибқироннинг мулки деб билсак, ундаги муҳр эса Турон давлати яратилишининг олти асосларидан бири эканлигини таъкидламоқчимиз.

ЭСЛАТМА: Қўлёзмани ўқишим давомида менда уни тўлиқроғ ёзиш истаги пайдо бўлди ва ҳурматли Абдулла Тошқининг розиликлари билан мақолани қайтадан имкон қадар батафсил баён этишга қарор қилдим. Қўйидаги мақола шу тариқа ёзилди ва ҳукмингизга ҳавола этилаётир.

Таҳририятдан: Амир Темурнинг узуги ҳақидаги асосий мақола ва унга сўз боши сифатида ёзилган юқоридаги лавҳа “Ҳаракат” хатқутисига Хайит Ғафур тарафидан кеча юборилган бўлиб, унга қуйидаги сўзлар илова қилинган: Kuningiz hayrli bulsin. Yangi yilingiz qutlug' bulsin Abdurahim aka. Sizni saytingizga ushbu maqolani yuboryapman. Bu maqolani saytingizda elon qilasiz deb umid qilaman.

Абдулла Тошқин ва Хайит Ғафур қаламига мансуб “СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУРНИНГ УЗУГИ” номли мақолани сайтимизнинг "Актуал Мавзу" рукнида ўқишингиз мумкин - http://harakat.net/actual/?id=197