06 January 2016
15:25 - Дунёнинг боши қотди: Шимолий Корея синаш учун водород бомба портлатдими?

Сўнги соатларда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида Шимолий Корея синов учун водород (термоядровий) бомба портлатганини эълон қилгани турибди. Қуш учса буни билиш қобилиятига эга бўлган АҚШ ва Россия каби давлатлар ҳам ҳали бундай синов бўлганини на тасдиқламадилар, на рад этмадилар. “Ҳаракат” агентлиги тарқатилаётган хабарларга тўла ишониб бўлмаслигидан келиб чиқиб, бу хабарни ўзида дарҳол эълон ҳам қилгани йўқ.

Reuters агентлиги шимолий кореяликларнинг расмий хабар агантлигига асосланиб, бугун маҳаллий вақт билан эрталаб Шимолий Кореяда миниатюр водород ядровий қурилма портлатилганини айтади. Яъни, эҳтиётлик билан бомба эмас, ядровий қурилма портлатилгани ҳақида гапирилган. Жанубий кореялик расмийлар синалган бомбанинг кучи 6 килотонна эканлиги, буни бомба деб аташ ҳам қийинлигини айтишмоқда. Қолаверса, Шимолий Кореяда нимадир портлатилгани у ерда 5,1 баллик ер қимирлаши бўлганига асосланиб айтилмоқда. Ҳатто жанубий кореялик ва россиялик мутахассислар ҳавода радиацион фон ўзгармаганини аниқлабдилар. АҚШда эса ҳали кечаси, демак, расмийлар ўз муносабатларини кейинроқ билдирадилар.