04 January 2016
16:40 - Қизиқ: Қуддусда уч дин дўстлиги маркази очилади

Ягона яратувчини тан олувчи уч дин - яҳудийлик, насронийлик ва ислом – Ғарбда “авраамик динлар” деб аталади. “Авраамик” атамаси яҳудий ва насронийлар Абраам, мусулмонлар эса Иброҳим деб талаффуз қиладиган пайғамбарнинг исмидан олинган.

Бу уч авраамик диннинг одамлари узоқ вақт бир-бирларига нисбатан дўстликдан кўра кўпроқ душманлик ҳис-туйғулари билан яшашган. Чунки, ҳар бир диннинг вакиллари ўз динларини энг ҳақиқий деб ҳисоблашади. Аммо, амалда ҳеч қайсиси бошқалардан устун келолмади ва келолмаяпти, келолмаса ҳам керак. Демак, глобаллашув замонида улар бирга яшашга, ҳатто дўстлашишга ҳаракат қилишга маҳкумлар. Бундай ҳаракатлар кўп бўлган, етарлича натижаларга ҳам эришилган бўлса-да, душманлик руҳи битган эмас.

Ҳозир Ал-Қоида, ИШИД каби ташкилотларнинг ўртага чиқиши туфайли бўлса керак, бу динларнинг умумий нуқталарини қидириш ҳаракатлари яна кун тартибининг марказига чиқмоқда.

14 январь куни Қуддус шаҳрида “Қуддус баҳс клуби” номли марказнинг очилиши фикримизнинг исботидир. “Қуддус баҳс клуби” 4 кишининг ташаббуси билан очилмоқда, булар:

- Пинхас Аронсон, физик, журналист, проф.
- Чингиз Гусейнов, ёзувчи, филолог-текстолог, Қуръон бўйича тадқиқодлар олиб бораётган одам.
- Зеев Ицхар, врач, публицист.
- Ури Линец, яҳудийларнинг муқаддас китоби Торани русчага таржимони.

“Қуддус баҳс клуби”дан фойда бўлиши мумкин, агар бу ерда баҳслашувчилар уч диннинг дўстлашиши учун авваламбор Ислом дини дунёвийлик принципини тан олиши шартлигини тушунишса.

Нима бўлганда ҳам, бундай марказнинг уччала дин тарафидан муқаддас деб ҳисобланадиган шаҳарда (мусулмонлар Қуддус, насронийлар Иерусалим, иврит тилида Йерушалаим деб аталадиган шаҳарда) очилаётгани ҳам рамзий маънога эга.