28 December 2015
19:51 - Ўзбекистонда барқарорлик даражаси пасаймоқда, фаровонлик юксалмоқда. Аммо, қандай фаровонлик?

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги тадқиқотлари натижалари эълон қилинди. Сўровларда иштирок этган аҳолининг турли ижтимоий қатламлари – давлат хизматчилари, тадбиркор ва фермерлар, талаба-ёшлар, ишчилар, пенсионерлар, барча миллат ва диний конфессиялар вакиллари тугаётган йилни ўзбекистонликларнинг 90,8 фоизи барқарор ва самарали йил бўлди, деб ҳисобларкан. Ҳолбуки бу кўрсаткич ўтган йили 95 фоизни ташкил қилганди.

Шунингдек, мамлакатда фаровонлик кўрсаткичлари кўтарилибди: фуқароларнинг қарийб 60 фоизи оиласида автомобиль, 80 фоизида эса замонавий маиший-техника ва узоқ муддатли буюмлар мавжуд экан.

Ўзбеклар барқарорлик нима эканлигини тушунишга бошлагани яхши, дейди мухбиримиз. Вақти келади, фаровонлик нималигини ҳам тушунишга бошлашади. Ҳозир бечора халқимиз қозоқларда ўртача ойлик 700 доллар, бизда 90 доллар эканлигини, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишини ҳам билмайди, автомобиллар эса асосан Россиядаги мардикорларимизнинг пули ҳисобига олинаётганини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Аммо, ҳар бир дастурхонда банан борлигидан хурсанд!