26 December 2015
06:50 - Қирғизистон жанубида ўзбек аслли экстремистлар ҳибсга олинди (Тузатилган вариант)
Қирғиз оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, 24 декабрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ўтказилган махсус операция чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат диний-экстремистик гуруҳ ҳибсга олинди. Уларнинг 2 нафари Ўзбекистоннинг, 4 нафари Қирғизистоннинг фуқароси бўлиб, улар 22 декабрда Ўш яқинидаги Қашқарқишлоқ қишлоғида яшаган Юнусжон Абдужалиловнинг ўлимида айбланмоқдалар. Улар бу қотилликни ўзларининг хўжайинлари Амир-Абдусаломнинг буйруғи билан амалга оширганларини эътироф ҳам қилибдилар.

Амир-Абдусалом ҳам асли қашқарқишлоқлик, аммо ҳозир Сурияда ИШИД сафида урушмоқда экан. Юнусжон Абдужалилов 2014 йили Қирғизистон Олий Судининг қарори билан фаолияти тўхтатилган “Аҳмадия”диний оқимига (балки, ташкилотига - “Ҳаракат”) мансуб бўлиб, қўлга олинган 6 киши ва Амир-Абдусалом эса, диний-экстремистик деб ҳисобланаётган “Тавҳид ва жиҳод” оқимига (балки, ташкилотига - “Ҳаракат”) мансуб эканликлари, бу икки оқим-ташкилот ўртасида аввалдан низолар борлиги айтилмоқда.

Гуруҳ вакилларини қўлга олиш операциясида ўқ дори , Макаров тўппончаси ва бошқа ўқотар қуроллар, ниқоб, ДВД ҳамда флеш дисклар мусодара қилинган.

Қирғизларнинг хабарида қўлга олинганлар ўзбек эканлиги айтилмайди, аммо хабарнинг руҳидан кўриниб турибдики, улар ўзбеклар.