23 December 2015
19:31 - Оддий воқеа: Англиядан АҚШга учадиган йўловчи учоққа мусулмон оиласи чиқарилмабди

The Guardian газетасининг хабарига кўра, 15 декабрь куни Лондонда яшайдиган Муҳаммад Тарик Маҳмуд, унинг укаси ва уларнинг 8-18 ёшли 9 фарзанди Gatwick аэропортидан АҚШнинг Калифорния штатидаги Лос- Анжелесга учишга тайёрланаётган йўловчи учоққа чиқарилмаган. Бу учоқ Norwegian Airlines ширкатга оидлиги, аммо мусулмонларни учоққа америкалик расмийлар ҳеч қандай изоҳсиз чиқаришмагани урғуланади.

Бу оила Калифорнияга Диснейлендни кўриш ва бошқа жойларни айланиш учун 4-5 ойга (!!) кетаётган экан. Тахмин қилиш мумкинки, америкалик расмийлар бу оила Диснейлендни кўриш баҳонасида АҚШда бутунлай қолиш учун кетмоқда деб ҳисоблашган. Аслида ҳам шунақага ўхшайди.

Ишчи Партиясидан Буюкбритания парламентига депутат бўлган Стелла Креаси (Stella Creasy) Бош вазир Дэвид Кемеронга мурожаат қилиб, бу воқеа бўйича АҚШдан изоҳ талаб қилишни сўрабди ва “Трампнинг чақириғи ҳаётга жорий этилмоқдами?” деган савол қўйибди. Эслатиб ўтиш керакки, АҚШ президентлигига Республикачилар Партиясининг номзоди бўлиш учун кураш олиб бораётган Доналд Трапм мусулмонларнинг АҚШга кўчишини тақиқлаш таклифини сайловолди чиқишларида эълон қилган ва кейинги чиқишларида ҳам ўз чақириғини тасдиқлаган эди.

АҚШда мусулмонларнинг қўчишини бутунлай тақиқловчи қонун чиқарилмаслиги шубҳасиз, дейди мухбиримиз, аммо дунёда исломий терроризм кучайиб, “ислом” ва “исломий терроризм” тушунчалари синонимга айланиб борар экан, мусулмонларнинг АҚШга киритиш йўлида катта тўсиқлар қўйилиши муқаррар. Айнан шундай тўсиқлар ҳамма Ғарб давлатларида ҳам қўйилишга бошлайди. Лондондаги каби воқеалар оддийга айланади.

Бу муаммо ҳақида мусулмонларнинг ўзи ҳам ўйлаши, Ислом уламолари Исломда жиддий ислоҳотлар қилиш ва исломий терроризмининг илдизларини кесиш йўлида амалий ишлар қилишлари керак. Биринчи навбатда, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат айтаётгандек, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши шарт. Акс ҳолда, мусулмонларнинг йўлига турли тўсиқлар қўйиш ростдан ҳам оддий воқеага айланиб бораверади.