22 December 2015
19:47 - Ўзбекча иқтисодий сиёсат: фермер хўжаликларини аввал оптималлаштиришди, энди минималлаштиришмоқчи

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси фермер хўжаликлари учун экин ерларининг оптимал ўлчамини ўртача 36,1 гектар ҳисобида белгилаб бериш ҳақидаги тавсияларни ишлаб чиқди. “Қишлоқ ҳаёти” газетасига кўра, фермер хўжаликларини қайта ташкил қилиш ҳамда экин майдонларини муқобиллаштирилиши ислоҳоти натижасида яна 18 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилади. Ҳозиргача мамлакатда 83 мингдан ортиқ фермер хўжалиги мавжуд эди.

Ҳукумат қарорида фермер хўжаликларига янги йилнинг илк кунидан ер майдонлари қайта тақсимланади ва бу иш туман кенгашлари қарори, фермерларнинг ҳудудий кенгашлари ҳамда ер участкалари ажратиш масаласи бўйича комиссияларнинг хулосаси билан амалга оширилади. Ҳолбуки, 2002 йилдаги Ўзбекистон Ваазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан фермер хўжаликлари оптималлаштирилган, хўжаликларнинг экин майдонлари бирлаштирилиб, улар йириклаштирилганди. Бу ўзини оқламабди, иқтисодиёт орқага кетибди, энди хўжаликлар қайта минималлаштирилмоқчига ўхшайди.

Орада кўрилган зарар учун ким жавобгар: Президентми ёки Бош вазир? Қизиқ, бу хусусда Ўзбекистон фермер хўжаликлари ассосиациясининг ўз фикри борми?