16 December 2015
18:42 - “Эзгулик”чилар дипломатлар иштирокида йилни сарҳисоб қилишди
Бугун Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси биносида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатимиздаги дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари билан учрашди. Жамият фаоллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Болгария сингари мамлакатларнинг дипломатлари ҳузурида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, диний эркинликлар, фуқаролик жамияти вакилларига муносабат ва қийноқлар вазияти борасидаги фикрларини ҳавола этдилар.

“Эзгулик” фаолларига кўра, Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар танқидларига қарамай бу йил болалар меҳнатидан фойдаланилган, мажбурий меҳнат эса кенг қўлланилган. Ҳатто Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги ёлғонларига БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти инспекторлари, Жаҳон Банки экспертлари ҳам шерик бўлишган. Айнан улар яқиндагина “бу йил Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмади”, деган хулоса беришганди.

“Мен раҳбарлик қилаётган ташкилот номидан Жаҳон Банки ва БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилотига Ўзбекистонда болалар меҳнати мониторинги олиб боришда ва бу борада текширувлар ўтказишда “Эзгулик”нинг ҳам иштирокини таклифқ қилгандим. Аммо улар бу борадаги текширувларда бизнинг иштирок этишимизни хоҳлашмади. Кейинчалик ҳукуматни ёқлаган ёлғон хулосалар беришди. Шу боисдан мен бу нуфузли молия институти ва ХМТни бойкот қилдим” дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик”чилар сиёсий маҳкум Мурод Жўраевнинг 21 йиллик тутқундан озод қилинишини ижобий ҳодиса ўлароқ баҳолашаркан, қамоқларда қолаётган бошқа фуқаролик жамияти вакилларининг ҳатто умумий авфлардан ҳам мосуволигини танқид стига олишди. Шунингдек, диний эркинликлар ва қийноқлар масаласида ҳам аҳволнинг ёмолигини эътироф этишди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари учрашув сўнгида дипломатларнинг сўроқ ва саволларига жавоб қайтаришди.

“Бир сўз билан айтганда йил тўлди, аммо кўнгил тўлмади” дейди “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятова.