10 December 2015
10:27 - Озорбайжондан яхши хабар: Ҳуқуқ ҳимоячиси Лейла Юнус озод қилинди
Кеча Боку апелляция суди шу йил ёзда 8 ва 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Лейла ва Ариф Юнусларга нисбатан аввалги ҳукмни юмашатирувчи янги ҳукм чиқарди. Энди улар 5 йиллик шартли жазони озодликда ўтказадилар. Лейла Юнус суд залидаёқ озод қилинган. Унинг турмуш ўртоғи Ариф Юнус соғлиги ёмонлиги туфайли 12 ноябрда қамохонадан уй қамоғига чиқарилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбойжон Халқ Фронтининг асосчиларидан бири, аммо бир неча йидан кейин ҳуқуқ ҳимоячисига айланган ва ҳозир Тинчлик ва Демократия Институтининг директори бўлган Лейла Юнус 2014 йил 31 июлда ҳибсга олинган ва унга гўёки 1992 йилдан бошлаб, айниқса, 2002 йилдан кейин, Арманистон махсус хизматларига ҳарбий сир бўлган маълумотлар етказиб бериш ва арманиларнинг разведкасига ишлайдиган агентлар ёллаш каби аҳмоқона ва сохта айблар қўйилганди. Кейинчалик, унинг эри, журналист Ариф Юнус ҳам, касаллигига қарамасдан, ўша айблар билан ҳибсга олинганди.

Турли халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлардан ташқари, АҚШ Давлат Департаменти, Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши, бир қатор Европа мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари, таниқли сиёсатчилар Озарбайжон судининг қарорини қоралаб, Лейла ва Ариф Юнусни дарҳол озод қилишни тўхтовсиз талаб қилмоқда эдилар. Ниҳоят, Илҳом Алиев бу талаларга қулоқ солишга мажбур бўлибди.

Лейла ва Ариф Юнус озод қилинган бўлса ҳам, Озорбайжонда бир қатор мухолифатчи, ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналистлар ҳали ҳам қамоқда.Уларни ҳам озод қилиш учун кураш давом этавериши шубҳасиз.

Аммо, бир нарсага эътибор бериш керак. Озорбойжаннинг бир-биридан фарқини ўзлари ҳам тушунмайдиган демократик мухолифат ташкилотлари қоғозда бирлашган бўлса ҳам, амалда тарқоқ. Худди Ўзбекистонда каби, ҳар бир мухолифатчи фақат ва фақат лидер бўлиб олишни ўйлайди, миллат ва ватан тақдири билан ортиқча қизиқмайди, бунақа масалаларни ва катта сиёсатни тушунмайди ҳам. Илҳом Алиев ва Ислом Каримларга айнан шундай мухолифат керак.

Мухолифатнинг бу каби касалликлари тузатилмаса, бу икки мамлакатда диктаторлик давом этаверади. Қолаверса, мухолифатнинг бундай касаллигини тузатиш фақат мухолифатнинг эмас, бутун жамиятнинг ишидир.