04 December 2015
08:21 - Эргаш Булоқбоши: Салом Туркистон (Ватанга атаб)

Ассалому алейкум, улуғ Туркистон,
Юртлар ичра тенги йўқ, ягона жаҳон.
Юзинг тўлиқ шуълага, гўё олтин нур,
Ўтмишингни достони қават-қаватдир.

Борми эди ўтмишда сендан ҳам ортиқ,
Ёки шоҳлик, хоқонлик ёки амирлик,
Борми эди дунёда сандан ҳам ёриқ,
Бой, бадавлат мамлакат, ҳусни чиройлик.

Саломим-ла ушбуни, мендан армуғон,
Қабул этгин меҳримдан куйладим баён.
Сен улуғсан, қоматинг чексиз бепаён,
Аммо сенга ўзгалар берди кўп зиён.

Кўзим тўла муҳаббат, қаршингда туриб,
Тикиламан ҳуснингга қалбим жўш уриб.
Ўнг қўлимдир кўкракда, сенга эгиб бош,
Салом бермоқ ғурурим, макони қиёс.

Салом эй муҳташам юрт, мушкулдур ҳолинг,
Ҳақсизлик азобида қийналди жонинг.
Аммо ҳақ ғолиб келар, топар кимлигинг,
Бўлар халқинг ҳур, озод, гуллар диёринг.

"Ҳаракат" таҳририятидан: Бу шеър ғурбатда яшаб, мустақилликдан кейин ғурбатда оламдан ўтган буюк шоиримиз Эргаш Булоқбоши тарафидан 1961 йилдан аввал ёзилган. Балки, у қачон ёзилгани бошқа манбалардан кўрсатилгандир, аммо биз уни шоиримизнинг 1961 йили Анқарада лотин харфлари билан чоп этилган "Гуллар макони" шеърлар тўпламидан олдик. Демак, табиий, шеър 1961 йилдан аввал ёзилган, аммо китобда биринчи ўринга қўйилган. Биринчи ўринга қўйилиши тасодифий эмас албатта, чунки Эргаш Булоқбоши озод Туркистон орзуси билан яшаган инсондир.

СССР парчалангандан кейин Туркистон мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон мустақил бўлди, аммо Эргаш Булоқбоши каби фарзандларига қучоқ очмади. Натижада улар Ватандан узоқда оламдан ўтдилар, ўша ерларда тупроққа берилдилар. 1995 йили 85-чи ёшида оламдан ўтган Эргаш Булоқбошининг қабри Вашингтондаги мусулмонлар қабристонидадир.

Ўзбеклар бундай фарзандларининг ҳокини бошга қўйиб олиб келиб, муқаддас ўзбек тупроқларига қўймас экан, ҳеч қачон миллат деб ҳисобланиш ҳаққига ҳам эга бўлолмайдилар.