04 December 2015
01:29 - Юсуф Жума: Отимнинг калласи яхши ишлайди

Тўғри йўл кўрсатсам чиқарар қанот,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.
Бор элимдан кўра яхши битта от,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.

Кўнглим қолган халқнинг кекса-ёшидан,
Тўғри йўл кўрсатсанг айри кетар ҳушидан.
Барча шоирининг онгсиз бошидан,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.

Эрман деб гердайган эрлари ноэр,
Жарни осмон дейди, осмонни жар дер.
Ютарлар отимни санасалар пир,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.

Бу элга сўз айтма, бас, Юсуф Жума,
Ақлдан озганга бўлмагин жўра.
Барининг ислиқи бошидан кўра,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.

Эшак четлаб ўтар гар кўрса тешик,
Ҳаёт - йўл, нодонлик - чоҳ - тубсиз, бечек,
Шу чоҳда шоҳ гадо, саманим - кўклик,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.

Тулпорим манзилга етар адашмай
Учқур йилдиримдай - учқур оташдай,
Бахт йўқ тўғри йўлда ёниб яшашдай,
Отимнинг калласи яхши ишлайди.

22 ноябр, 2015 йил