26 November 2015
20:33 - Наманган вилоятига янги ҳоким тайинланди, эскиси қамалса керак

Бугун, 26 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси чақирилди ва сесия ишида президент Ислом Карим иштирок этди. Унинг буйруқ каби таклифи бўйича, Наманган вилояти ҳокими Баҳодир Юсупов ишдан олинди ва унинг ўрнига вилоятнинг Мингбулоқ туман ҳокими Хайрулло Бозорбоев (расмда) вилоят ҳокими этиб тайинланди. Президент Ислом Карим собиқ ҳоким Баҳодир Юсупов фаолиятини кескин танқид остига олди ва 39 яшар янги ҳокимга ишонч билдирди.

Сессияда узундан узоқ нутқ сўзлаган Ислом Карим аввал Наманганнинг тарихини, кейин бугунги кунини мақтаган. Сўнгра, сон-саноғи йўқ камчиликларни тилга олиб, Баҳодир Юсуповни ишдан олинишини асослашга ҳаракат қилган.

Наманганликларнинг таъкидича, собиқ ҳоким Баҳодир Юсупов ҳам Ислом Карим қўл остидаги бошқа кадрлар сингари ўта қўпол, дағал шахс эди. У вилоятни салкам 6 йил бошқарди. Унинг раҳбарлиги даврида Наманган кўпгина кўрсаткичлар бўйича бошқа вилоятлар қатори орқага кетди.

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, Баҳодир Юсупов Ўзбекистондаги ҳамма давлат хизматчилари каби коррупция ва порахўрлик ботқоғида ётган одам. Яқин орада қамоққа ташланишининг эҳтимоллиги катта. Ислом Карим яратган тузумда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Аммо, вақти келади, Хайрулло Бозорбоев ҳам айнан шу шаклда ишдан олинади. Қолаверса, ҳамма нарсанинг бош айбдори Ислом Каримнинг ўзидир.