26 November 2015
20:11 - Хабарга арзимайдиган воқеа: Брюсселдаги энг катта масжидда шубҳали кукун топлибди, мусулмонлар эртанги кунларини ўйлашлари керак

Шу соатларда Европа Иттифоқининг пойтахти ҳам ҳисобланадиган Брюссель шаҳридаги энг катта масжид ўт ўчирувчи хизматларининг автомобиллари билан ўраб олинган. Маълум бўлишича, масжид ходими ўт ўчирувчилар хизматига телефон қилиб, масжид биноси ичида кукун тўла шубҳали пакет топилганини айтиб, бу кукун сибир язваси бўлиши мумкинлигини ҳам урғулабди.

Бу масжид ЕИнинг ҳукумати ролини ўйнайдиган Еврокомиссия жойлашган бинодан бир неча юз метр нарида экан. Бутун дунё хабар агентликларининг журналистлари воқеа жойига югурар экан, биз бу воқеанинг хабарга ҳам арзимас деб баҳолашимизни ҳар ким ҳам тушунавермаса керак. Гап шундаки, мусулмонлар бу каби воқеаларга кўникиверишга маҳкумлар. ИШИДнинг Сурия ва Ироқда қилаётган ишлари, ислом террористларининг Париждаги каби ҳужумлари натижасида мусулмонларга нисбатан аввалдан ҳам бўлган салбий муносабат душманлик даражасига чиқиб бўлди. Брюсселдаги масжидга ташланган кукун сибир язваси бўлмаса керак, бу огоҳлантириш холос, аммо бундан баттар воқеалар бошланиши муқаррар. Чунки, бошқа дин вакиллари ичида ҳам экстремистлар оз бўлса ҳам бор.

Аҳвол ҳозир шундайки, шу пайтгача мусулмонларга қандайдир севги-муҳаббат билан қараб келган шведлар ичида ҳам душманлик кайфияти кун сайин ортиб бормоқда, у ердан мусулмон қочқинларини ҳайдаб чиқариш талаблари ўртага отилмоқда. Шубҳасиз, яқинда уларни ҳайдаб чиқариш бошланади, ундан кейин гал Швеция фуқаролигини қабул қилиб бўлган мусулмонларга келади.

Мусулмонлар бу дунёда инсониятнинг душмани каби ҳаёт кечиришни истамаслар, тезлик билан Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказишлари ва авваламбор дунёвийлик принципини қабул қилишлари керак. Акс ҳолда, мусулмонларнинг сони насроний мамлакатларида ҳам ортиб борар экан, мусулмонлар дин эркинлигидан фойдаланиб, бу мамлакатларни исломий қилиш учун ҳаракат бошлашлари табиийдир. Табиий, қилолмайдилар, аммо ўзларига ўзлари ўт қўядилар.

Аввал бу ҳақда ўз миллати ва умматининг келажагини ўйлайдиган бирдан бир нашр бўлган"Ҳаракат" гапирарди, энди насронийлар буни "Ҳаракат"сиз ҳам тушунадиган ҳолга келдилар.