26 November 2015
10:27 - Мустафа Жамилўғли: Қримни энергетик блокада қилиш давом этиши керак
Қримтатрарларнинг миллий лидери Мустафа Жамилўғли 22 ноябрь куни Қримга Украинадан электр энергияси етказиб берувчи линияларнинг бузилиши туфайли Қримга электр энергияси берилмаётгани ҳақида гапириб, Қримни ҳар тарафлама блокада қилишни давом эттиришга чақирди. Бу ҳақдаги хабарлар Krim.Realii сайтига асосланиб тарқатилмоқда.

Мустафа Жамилўғлининг айтишича, Қримга электр энергияси Россия-Украина шартномаси асосида берилмоқда ва ҳозирги аҳвол учун Украина тарафи катта жарима тўлайди. Шундай бўлса ҳам, Қримни блокада қилиш давом этиши керак. Руслардан, энг камида, Қримда қамоққа ташланган қиримтатар активистларни, биринчи навбатда, Ахтем Чийгозни қўйиб юборишни талаб қилиш лозим.

Эслатиб ўтиш керакки, Мустафа Жамилўғли Украина парламентининг депутати, айни замонда, Президент Петр Порошенконинг қримтатарлари маслалари бўйича малаҳатчисидир. Руслар уни бутун Россияга, демак, ўз юрти Қримга ҳам киришини тақиқлаганлар. У Сталин тарафидан Қримдан депортация қилинган қиримтатарлари ўз юртларига қайтишлари учун курашган инсон. Мана энди унинг ўзи ўз юртига киролмайди.

Бутун Турк Дунёси бу масалада Россияга босим ўтказиши лозим эди. Аммо, минг афсуски МДҲ таркибидаги турк давлатларининг лидерлари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Ислом Карим Путинга югурдаклик қилишдан бошқа нарсани билишмайди.