24 November 2015
14:43 - Суриядаги уруш хавфли босқичга чиқди: Турклар Россия ҳарбий учоғини уриб туширди

Бир соатча аввал Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги Хатай вилоятининг Сурия билан чегараси яқинида, аммо Сурия осмонида, русларнинг СУ-24 бомбардимончиси уриб туширилди.

Турк ахборот воситалари ўз мамлакатларининг расмийларига асосланиб хабар қилишича, русларнинг 2 ҳарбий учоғи Сурия тарафидан чегарага яқинлашиб келаётганида, уларга 5 дақиқа ичида 10 марта огоҳлантириш сигнали юборилибди. Авваллари ҳам бу каби воқелалар бир неча марта бўлган ва рус учоқлари озгина бўлса ҳам Туркия осмонига ўтган экан. Шуларни ҳисобга олган турк ҳарбийлари рус учоқларидан бирини бу сафар чегарадан ўтишини кутмасдан урибдилар.

Воқеанинг яна бир муҳим жойи шундаки, ўша учоқ урилган тоғли жойларда асрлардан бери туркманлар яшайдилар. Ҳозир улар ҳам Башар Асад режимига қарши урушмоқдалар. Рус учоқлари авваллари ҳам туркманларнинг позицияларини бомбардимон қилган, туркманларга катта талофатлар берган бўлиб, ўшандаёқ Туркия бу ҳақда Россигя норозилик ноталари жўнатган эди.

Рус учоғининг уриб туширилиши Россия-Эрон-Сурия альянси билан АҚШ бошчилигидаги коалиция ўртасидаги муносабатларни яна ҳам ёмонлаштириши муқаррар.

Рус ахборот воситалари бу воқеа бўйича Рссия ўз баёнотини тайёрлаётганини билдирдилар. Ҳозир рус вертолетлари уриб туширилган учоқдаги учувчи ёки учувчиларнинг жасадини топиш ҳаракатидалар.

Руслар баёнот билан чекланмасдан қасд олишга интилишлари турган гап, дейди мухбиримиз.