23 November 2015
19:32 - Болтиқбўйи мамлакати сайлов комиссияси аъзолари ўзбекистонлик ҳамкасбларини ўргатиши ёки ўзлари бирон нарсани ўрганиши мумкинми?
Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов Латвия Республикаси Марказий Сайлов Комиссияси раиси А.Цимдарс билан учрашиб, ҳамкорлик хусусида меморандум имзолабди. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, демократик Европанинг бир қисми бўлган Латвиядек давлатнинг сайлов комиссияси вакиллари Тошкентда ўтаётган сайлов тизими ва қонунчилигини демократлаштириш, Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибасига бағишланган халқаро давра суҳбатида иштирок этиш учун келган экан.

Ўзбекистон ва Латвия сайлов органларининг ҳамкорлиги тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросимида Латвия элчиси Эдгарс Бондарс, Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов Комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг масъул ходимлари ва журналистлар иштирок этишибди.

Лекин, масаланинг муҳим жиҳати, сиёсат ва давлат юритиши, шунингдек, сайлов принциплари турлича бўлган икки мамлакатнинг бу тизимлари қай тариқа ҳамкорлик қилиши мумкин? Латвия Ўзбекистондан сохта сайлов сирларини ўрганадими ёки М. Абдусаломов Латвиядан ўрганиб, ҳақиқий сайловлар ўткзадими?

Тахмин қилиш мумкинки, латвиялик дўстларимизнинг асл мақсади, вақтдан фойдаланиб, Тошкентнинг муҳташам меҳмонхоналардаги дам олиш, Самарқанд ва Бухорога сафоар қилиш бўлса керак. Аммо, улар ўз ташрифлари Ўзбекистоннинг Марказий масхарабозлик комиссияси нуфузини оширишга хизмат қилаётганини тушунишадими?

Ўзбекистонлик мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Латвия раҳбарларига мактуб ёзиб, шу саволларни ўртага қўйишса, жуда зўр бўларди.