23 November 2015
08:38 - Қрим бутунлай электрсиз қолди, Украинада терактми?
22 дан 23-чи ноябрга ўтар кечаси Украинанинг Қрим билан чегарадош бўлган Херсон вилоятида Қримни Украинадаги станциялардан электрэнергияси билан таъминловчи электр линиясининг ишдан чиқиши натижасида Қрим аҳолисининг 1,9 миллиони электрсиз қолган. Қримнинг аҳолиси турли манбаларда 1-9-2,3 млн деб кўрсатилади. Демак, аҳолининг мутлақо кўпчилиги электрсиз ўтирибди. Оқмачит (Симферополь), Севастополь, Феодосия ва Евпатория каби катта шаҳарларда электр бутунлай йўқ.

Украина расмийлари электр линиясида қандайдир муаммолар чиққани, тўғрироғи, линиядаги устунлар йиқилгани, уларни тиклаш бир неч кун олиши мумкинлигини айтмоқдалар. Қрим раҳбарлари эса, Украина ҳудудларида Мустафа Жамилўғли раҳбарлигида теракт ўтказилиб, электр линияси портлатилганини иддао қилишгача бордилар.

Маълумки, аввалроқ қримтатарлар украиналик миллатчилар билан биргаликда Украинадан Қримга кетаётган катта юк автомашиналарни Қримга киритмасдан орқага қайтариб юборишган эди. Уларнинг мақсади руслар босиб олган Қримни блокада қилиш бўлган. Ҳозир улар теракт уюштирган бўлишлари мумкинлигига ҳеч ким ишонаётгани йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Аммо, блокадачилар ўша қулаган устунларнинг атрофини ўраб олиб, тузатувчиларни у ерга яқинлаштирмаётганлари ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.