14 November 2015
17:04 - Дунё Париждаги фожеадан шокда, Ғарб нима қилишини билмасдан хўжа кўрсинга баёнотлар бериш билан овора

Бугун кечаси ислом террористларининг ҳужумлари натижасида Парижда ҳалок бўлганларнинг сони 128 га чиққани расмийлар тарафидан эълон қилинди. 8 террорист ўлган, уларнинг баъзилари ўзини ўзи портлатди, баъзиларини полиция отиб ўлдирди. Терактлар учун маъсулиятни ИШИД ўз елкасига олди ва бундай ишлар давом этишини билдирди. Францияда 3 кунлик мотам эълон қилинди.

Дунё бу воқеадан шокда. Лидерлар ўз муносабатларини билдирмоқдалар. Обама "Бу - Парижга эмас, бутун дунёга ҳужум" деганини аввалги хабаримизда билдирган эдик. Мана баъзи бошқа фикрлар:

Россия Президенти Владимир Путин: "Терроризмнинг ваҳшийлик табиатини яна бир марта кўрдик".

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри: "Бу - ўрта асрлар билан замоновий фашизмнинг омихтасидир".

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров: "Терроризмга қарши тоқатли бўлолмаймиз".

Сурия диктатори Башар Асад: "Кеча Францияда бўлган воқеалар - Сурияда 5 йилдан бери давом этаётган воқеаларнинг худди ўзидир".

СССРнинг собиқ Президенти Михаил Горбачев: "Терроризмга қарши фақат сиёсий йўллар билан курашиб бўлмас экан, куч ишлатиш асослидир".

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев: "Париждаги фожеа экстремизмга қарши курашда бирлашишни талаб қилади".

Дунё давлатларининг раҳбарлари Франция халқига таъзия ва ҳамдардлик билдириб, телеграммалар юбормоқдалар, ўз юртларида хавфсизлик чораларини кучайтирмоқдалар. Эрон Президенти эса, Франция, Италия ва Ватиканган ташрифини бекор қилиш билан чекланди. У Париждаги воқеалардан хурсанд эканлиги шубҳасиз. Мусулмон дунёсининг асосий қисми ҳақида ҳам, минг афсуски, шундай дейиш мумкин..

Бугун Венада Сурия масаласи бўйича баъзи Ғарб давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиши керак эди, у бекор қилинмади, аммо кутилмаганда Эрон ташқи ишлар вазири бу йиғилишга келишини билдирди.

Эртага Туркиянинг Анталия шаҳрида жаҳоннинг энг кучли 20 давлатини бирлаштирувчи G20 нинг саммити бўлиши керак. Вена ва Анталиядаги йиғилиш қатнашчилари кун тартибидаги ҳамма масалаларни Париж фожеасининг соясида муҳокама қилишларини аввалдан тахмин қилиш қийин эмас.

Аммо, дунё лидерлари, биринчи навбатда, Ғарб лидерлари, Ислом терроризмининг илдизларини қирқиш учун нима қилишни билмасликлари ҳам кўриниб турибди. Улар ҳозирча асосий восита сифатида куч ишлатишни кўрмоқдалар. Тактик нуқтаи назардан бошқа йўл ҳам йўқ. Аммо, стратегик нуқтаи назардан бу йўл фойдасиз.

Эртами кеч улар "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлатнинг Ислом терроризми илдизлари Исломнинг ҳозир қабул қилинган хато тушунчаларида эканлиги, демак, ислом терроризмини тўхтатишнинг ягона йўли Исломда чуқур ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш кераклигини тушуниб етадилар ва Ислом дунёсига бу ислоҳотларни ўтказишда ёрдамчи бўладилар..