13 November 2015
10:26 - Бейрутда икки ўлимчи-террорист 43 кишини ўзи билан нарига дунёга олиб кетди

Ливаннинг пойтахти Бейрутнинг одамлар билан тўла кўчаларидан бирида кеча бир ўлимчи-террорист ўзини ўзи портлатди. Атрофдагилар жафо кўрганларга ёрдам бераётган пайтда иккинчи жонли бомба портлади. Икки портлаш натижасида ҳозиргача 43 киши ҳалок бўлагани, 240 киши ярадор бўлгани айтилмоқда. Ўлганлар сони ортиши шубҳасиз.

Потлаш учун маъсулиятни ИШИДга боғлиқ гуруҳлардан бири ўз бўйнига олди. Маълумки, Бейрут шиаларнинг, тўғрироғи, "Ҳизбуллоҳ"нинг қалъаси ҳисобланади, демак, теракт суннийлар тарафидан шиаларга қаратилгани ҳам шубҳасиздир.

Яна маълумки, "Ҳизбуллоҳ" ўзининг юзлаб, балки, минглаб жангариларини Сурия диктатори Башар Асадга ёрдам бериш учун жўнатган, табиий, улар ИШИДга қарши ҳам урушмоқдалар. Демак, Бейрутдаги терактларнинг мақсади - "Ҳизбуллоҳ"дан қасд олиш. Энди "Ҳизбуллоҳ" яна ҳам кўпроқ жангариларини Сурияга жўнатиб, қасосга қасос билан жавоб беради. Шиа-суннийларнинг уруши авжига чиқаверади.