12 November 2015
15:22 - ХУШХАБАР: МУРОД ЖЎРАЕВ ОЗОДЛИККА ЧИҚАРИЛДИ! ( “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №37, 12.11.2015)
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1995 йилдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг конституциявий тузумга тажовуз, давлат тўнтаришига уриниш сингари моддалари билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Мурод Жўраев бугун, соат 11 да Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/6-сонли жазони ижро этиш муассасаси (Чирчиқ)дан озодликка чиқарилди. Маҳкумни озод қилишда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 252-моддаси асосидаги кафолат хати ва маҳкумнинг қамоқхона ички тартиб-қоидаларига амал қилганлиги инобатга олинди.

Мурод Жўраевнинг озод қилиниши жараёнида маҳкумнинг оила аъзолари, “Эзгулик” жамияти фаоллари иштирок этишди. Муассаса маъмурияти томонидан оила аъзолари ва ҳуқуқ фаолларига топширилган 21 йиллик маҳкум Мурод Жўраев она юрти Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди. Унинг соғлиғи, кайфияти яхши. Руҳан тетик дўстимиз қамоқхонадан озод қилинган заҳоти барча қариндошлари, яқинлари билан телефон орқали гаплашди.

Маълумки, Ўзбекиcтон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2015 йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Мурод Жўраев билан қамоқхонада учрашган, қамохона маъмуриятининг сўзларига таяниб, унинг озод қилинишига умид боғлаётганди.

Озодликка чиқарилган Мурод Жўраев “Эзгулик” фаоллари билан суҳбатда қамоқхона маъмуриятига эътирозлари йўқлиги, ўзининг бир йил назоратда бўлиши ҳамда яқин кунларда фақатгина соғлиғи масаласи билан шуғулланишини таъкидлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аввал ҳам таъкидллаганидек, демократик Ғарб билан сиёсий интеграцияларнинг ривожланиши ҳамда сиёсий мулоқотлар фуқаролик жамияти вакиллари фаолияти эркинлиги, маҳкумларнинг озод қилиниши ва инсон ҳуқуқлари аҳволининг ўнгланишига турткидир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Мурод Жўраевнинг озод қилинишини олқишлайди. Ўзбекистон ҳукуматини инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари асосидаги ҳаракатларни давом эттириш ва бошқа фуқаролик жамияти вакилларини ҳам озод қилишга чақиради.

* * *

Расмда - Мурод Жўраев ва "Эзгулик" раиси Васила Иноят