10 November 2015
18:13 - “ЭЗГУЛИК” ФАОЛЛАРИ МАҲКУМ МУРОД ЖЎРАЕВ БИЛАН УЧРАШДИ ( “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №45, 10.11.2015)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти шу йилнинг 10 октябрида Ўзбекистон ИИВнинг ЖИЭББ маъмуриятига Мурод Жўраев билан учрашишга рухсат сўраб, мурожаат қилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия Кодексининг инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари асосида уни муддатидан аввал озодликка чиқаришни сўраганди. Жамият Мурод Жўраев озодликка чиққан тақдирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 252-моддасига мувофиқ, унинг муносиб хулқ-атворда бўлишига кафолат берганди.

2015 йилнинг 10 ноябрь куни жамиятнинг мурожаати қаноатлантирилди ва “Эзгулик” фаоллари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/6-сонли жазони ижро этиш муассасаси (Чирчиқ)да Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Мурод Жўраев билан учрашди. “Эзгулик” фаолларига кўра, 21 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган Мурод Жўраевнинг соғлиғи кексалик билан боғлиқ айрим ҳолатларни ҳисобга олмаганда яхши, кайфияти эса кўтаринки.

“Эзгулик” фаоллари билан учрашувда Мурод ака: “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг илғор норматив ва ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қиларкан, ижобий ўзгаришлар сари бориши муқаррар. Муҳими, мамлакат шу йўлда. Мен қамалган даврларда Ўзбекистон эндигина мустақил бўлган, ҳали кўп нарсалар ноаниқ эди. Биргина мен сақланаётган қамоқхонада аҳвол кундан-кунга яхшиланмоқда, буни тан олиш керак” деди.

Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти Мурод Жўраевнинг сўнгги пайтларда муассаса ички тартиб-қоидаларига амал қилгани, берилган сўнгги муддатдан етарлича хулоса чиқарганини таъкидлади. Муассаса бошлиғига кўра, жазони ижро этиш муассасасида рутбаси, мансаби ва эътиқоди, сиёсий қарашларидан қатъий назар маҳкумларга айрича муносабат йўқ. Буни бир маҳкум сифатида Мурод Жўраев ҳам ҳис қилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фикрича, демократик Ғарб билан сиёсий интеграцияларнинг ривожланиши ҳамда сиёсий мулоқотларнинг фаоллашуви фуқаролик жамияти вакиллари фаолияти эркинлиги, маҳкумларнинг озод қилиниши ва инсон ҳуқуқлари аҳволининг ўнгланиш томон силжиши кафолатидир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Мурод Жўраевни озод қилиш масаласини халқаро минбарлар, демократик ташкилотлар йиғинларида бир неча марта кўтариб келди. Шунингдек, унинг озод қилиниши юзасидан Ўзбекистон ҳукумати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга ўнлаб талабномалар киритди. Жамиятимиз яна бир марта Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат Парламентининг собиқ аъзоси Мурод Жўраевни инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари асосида озодликка чиқаришга чақиради.