09 November 2015
17:12 - Ислом Каримнинг зиндонида ётган пайтида аввал турмуш ўртоғи ва қизидан, сўнгра онасидан айрилган ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг фарёди юракларни ёқади

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист ва шоир Дилмурод Саййид 2009 йили уйдирма айблар билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. У ҳали ҳам режимнинг зиндонида. Ўтган йиллар ичида унинг бошига тушган дардлар ҳар қандай одамнинг юрагини тилка пора қилади.

Бир неча йил аввал уни қамоқхонада кўриш учун ўзлари яшайдиган Тошкентдан Самарқандга кетаётган турмуш ўртоғи ва қизи автоҳалокатда бу дунёдан айрилишган эди. Бир йил аввал эса, унинг 89 ёшли онаси оламдан ўтди. Икки сафар ҳам Ислом Каримнинг жаллодлари Дилмурод Саййидга бир кунга бўлса ҳам қамоқдан чиқиб, турмуш ўртоғи ва қизи ҳамда онажони билан хайрлашиб келишга рухсат бермадилар.

Шу кунларда таҳририятимизга Дилмурод Саййид ўз онаси ҳамда турмуш ўртоғи ва қизининг ўлими муносабати билан ёзган икки шеъри укаси орқали етиб келди. Уларни эълон қилар экан, бизнинг ҳам юракларимиз ёнмоқда.

* * *

Йўл эмас, ҳар лаҳза дийдор кутганча
Айвон ойнасидан кўча қараган,
Почтачи аёлни гапга тутганча
Мендан хат, бир энлик хабар сўраган -
Муштипар Онамни соғиндим жуда!

Тўқсон ёшида ҳам куюниб-ёниб
“Болам “деб кўксини нолиш ўраган.
Ҳар куни гоҳ ялинч, гоҳи тўлғониб
“Келар-келмасим”ни минг бор сўраган -
Муштипар Онамни соғиндим жуда!

Дунё тиланмаган, дийдор тилаган,
Тоқати тоғларни қумдек элаган,
Ҳатто тушларида бошим силаган -
Муштипар Онамни соғиндим жуда!

Дуо қилинг, Она! Кутинг, бораман!
Йўл олис, Дил яқин, унсиз нолам-а…
Элликдан ўтганман, бироқ боламан -
Муштипар Онамни соғиндим жуда!

* * *

Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Ёрим кетди, болам кетди Ўша кун.
Алам тўла кўксимда қалб инграниб
Жон тўлғониб мотам тутди Ўша кун.

“Алвидо!”лар айтолмадим ёш тўкиб,
Тобутларга чирмашмади қўлларим.
Кишан бандлаб, тиканли сим йўл тўсиб -
Боролмадим…Сирғанч эди…йўлларим.

Сўнги манзил - Ужмаҳ томон демай сўз
Ёрим кетди боламни ҳам етаклаб!..
Неча йилки, кундузлари узмай кўз,
Тун қўйнида қон йиғлайди телба қалб!.

Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Қизчам кетди, оқ йўргакка ўраниб.
Гўдак Руҳи бу ёзмишдан ҳайронли,
Ёрим кетди - шаҳид, Руҳи исёнли!

Маним қалбим қонга тўлди аламдан,
Мазлум қисмат Нафрат бирла қалашди.
“Ал-қасосу мин ал-Ҳақ!”ни билмаган -
Разил у кун қон тўкди-ю Адашди!!!

* * *

Таҳририятдан: Даҳшат! Бу сатрларни ўқиш даҳшат - "Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Қизчам кетди оқ йўргакка ўраниб."