08 November 2015
20:25 - Абдураҳим Пўлат: Туғилган куним билан табриклаганларга раҳмат!
Кеча туғилган куним муносабати билан мени телефон ва Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали табриклаган дўстларим, сафдошларим ҳамда мени ижтимоий тармоқлар орқали таниган ҳамма ва ҳаммага миннатдорчилик билдираман.

Ҳазил-ҳузул билан 70 ёшга кириб қолганимга ўзим ҳам ҳайронман. Аммо, ҳаётимнинг асосий қисмини миллат ва ватан ғами билан яшаганим, тўғрироғи миллат ва ватаннинг ғамларини йўқ қилиш ҳаракати билан ўтказганимдан хурсандман, бахтлиман ва шу билан фахрланаман.

Бу ғамларнинг асосийси - миллатимиз миллат сифатини, давлатимиз давлат сифатини йўқотиб бўлганидир. Уларни тиклаш учун ҳозир фақат "Бирлик" ва унинг жарчиси бўлган "Ҳаракат" ҳақиқий кураш олиб бормоқда. Шу кураш ичида эканлигимиздан ҳамма бирликчилар фахрланаётганини ҳам биламан.

Динимизнинг ғамлари ҳам доим ҳаёлимизда. Тарихда бир марта бўладиган курашга - динимизда фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, Ислом дини дунёвийлик принципини қабул қилишига эришиш курашига ҳам киришдик. Бу тарихий вазифани ҳам биз биринчи марта кун тартибига олиб чиқдик. Мусулмонларнинг асосий шиори "Биздан ҳаракат - Оллоҳдан баракат" эканлигини ҳамманинг онги ва онги остига сингдирамиз. Чунки, бусиз келажагимиз йўқ.

Динимиз, миллатимиз ва ватанимизнинг бугунги ғариб аҳволи фақат Совет замони ва мустақиллаик йиллари Лубянкага бўйсунган режимнинг жиноят деса бўладиган даражадаги хатоларининг оқибати эмас. Юз-йиллардан бери қилиб келинаётган хатоларнинг, тўғрироғи, "ҳамма нарса Оллоҳдан" дея ҳеч нарса қилмай қўйилганининг оқибати.

Бу курашларимиз ғалаба билан тугашига ҳеч шубҳам йўқ. Аммо, аҳволимизнинг илдизлари шунчалик чуқурки, курашнинг баъзи босқичлари урушга айланиб кетиши муқаррар.

Яна бир марта ҳаммага раҳмат!!