02 November 2015
22:17 - Reuters агентлигига кўра, АТПнинг ғалабасини оқибатлари Туркия учун ҳам, минтақа учун ҳам, балки, Европа, Россия ва АҚШ учун ҳам оғир бўлади, аммо “Бирлик” лидери бироз бошқача ўйлайди
Табиий, дунёда машҳур Reuters агентлигининг сайтида бугун эълон қилинган мақолада гап исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси кеча парламент сайловларида эришган ғалаба тўғрисида гапирилмоқда.

Бу партиянинг якшанба куни эришган ғалабаси - 1923 йилда ташкил этилган дунёвий Туркия Республикасининг асосчилари ҳам тушунмайдиган нарса бўлади, дейилади мақолада. Ваҳолангки, Эрдўғон ва унинг партияси ўтказаётган ислоҳотлар аввал Ғарб тарафидан парагматик деб олқишланган ҳамда сиёсий ислом демократик ва плюралистик бўлолишининг исботи сифатида қабул қилинган эди.

Якшанба куни ўтказилган сайловлар Туркиянинг келажагига хавф солаётган сиёсий ва ижтимоий қарама-қаршиликларни тўхтатолмайди, АТП эса дунёвий ва космополитик элитага қарши курашини тўхтатмайди, дейилади мақоланинг охирида.

Мен Reuters агентлиги мухбирининг фикрларига умуман олганда қўшиламан, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Аммо, яна бир нарсани эътиборга олиш керак. 7 июнда бўлиб ўтган парламент сайловларида АТП атиги 40 фоиз атрофида овоз олди, ўзи ҳукумат қуролмаганидан ташқари, ҳукумат ярата оладиган коалиция ҳам тузоллмади. Шу билан Эрдўғоннинг сиёсий карьераси битиши ҳам мумкин эди.

Кўпчилик сўровномаларга кўра, 1 ноябрдаги сайловларда АТП аввалгисидан ҳам камроқ, баъзи сўровномаларга кўра, кўпи билан 43-44 фоиз овоз олиши керак эди. Аммо, сал кам 50 фоиз овоз олди. Нима бўлди? Юзага келган оғир аҳволдан чиқиш учун мавжуд авторитар режимнинг раҳбари Ражаб Эрдўғон янги стратегик йўл танлади. Тўғрироғи, турк миллатчиларининг йўлига ўтиб, мустақиллик учун террористик йўллар билан курашаётган ППКга қарши аёвсиз уруш бошлади. Ўйлайманки, айнан шу сабабли, 1 ноябрь сайловларида ғалаба қозонди.

Агар Ражаб Эрдўғон ҳақиқий сиёсатчи бўлса тушуниши керакки, менимча у буни тушунади, фақат исломчилик билан узоққа кетиб бўлмайди, Оллоҳ яратган миллатлар бор экан, миллатчиликнинг ҳам ўзига яраша ўрни бор ва 21 асрда миллатни унутиб, исломий давлат қуриб бўлмайди. Умид қиламанки, Ражаб Эрдўғон айнан шу фикр йўналишида иш олиб боради.

Акс ҳолда, Ражаб Эрдўғон авваламбор Турк дунёсининг оёғига болта урган бўлади.