30 October 2015
08:06 - АҚШ Сенатида Озорбайжонда инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган фойдасиз тинглов бўлди
Авваламбор эслатиш керакки, АҚШ Конгрессининг қуйи ва юқори палаталари комитетларида ёки комитетлар ташқарисида маълум бир мавзу бўйича бу мавзуни яхши биладиган одамларнинг фикрлари эшитиладиган мажлисларни “тинглов” дейишади. Тингловда қарор қабул қилинмайди, конгресс аъзоларига мавзу бўйича маълумотлар берилади.

Озорбайжонда мухолифатга яқинлиги билан танилган Турон агентлиги хабар қилишича, 28 октябрь куни Сенатда шундай тингловлардан бири бўлиб ўтган. Биронта сенатор ҳам иштирок этмаган ростакам қўштирноқ ичидаги “тинглов”нинг модератори Давлат Котибининг собиқ ёрдамчиси собиқ Дэвид Крамер бўлиб, кун тартибидаги масала Озорбайжонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши эди.

Бу масала бўйича ўз фикрини билдирганлар қуйидагилар бўлибди: Яқинда Озорбайжондаги судларнинг бири тарафидан сохта айбномалар асосида 8,5 ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Лейла ва Ариф Юнусларнинг қизи Динара Юнус, АҚШдаги Миллий Демократия Фондининг Евросиё программаси директори Мириам Ланской, Freedom House вакили Тамара Григорьева ва АҚШнинг Озорбайжондаги собиқ элчиси Ричард Козларич. Улар аниқ факт ва аргументлар билан Илҳом Алиев раҳабарлигида Озарбайжонда демократик принциплар ва инсон ҳуқуқлари оёқ ости қилинаётганини кўрсатиб бердилар.

Аммо, бундай тингловдан ҳеч қандай фойда бўлмайди. Чунки, Озорбайжондаги аҳволни шундоқ ҳам ҳамма билади. АҚШнинг Давлат Департаменти, бир қатор сенатор ва конгрессменалар, Озорбайжон ҳам аъзоси бўлган Европа Иттифоқи ва унинг парламенти Озорбайжон режимини қораловчи ва ноҳақ қамалган кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни озод қилишни талаб қилувчи баёнотлар бердилар. Озорбайжон режими уларнинг биронта талаб ва тавсиясига қулоқ солмагандан ташқари, уларни нохолисликда айблади.

Ўтган йили расман Конгрессники бўлмаса ҳам, 21 аъзосидан 9 нафари Сенат аъзолари, яна 9 нафари Вакиллар Уйи аъзолари бўлгани сабабли феълан Конгресники ҳисобланадиган Хельсинки Комиссиясида ҳам айнан шундай тинглов бўлган, ундан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармган эди.

Маълумки, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, АҚШда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия принципларини оёқ ости қилинишига бағишланган кўплаб тингловлар бўлган, аммо улардан ҳеч қандай фойда бўлмаган. Менинг ўша тингловларда қилган конкрет таклифларимдан биронтаси инобатга олинган ҳам эмас. Мен буни тингловларда қатнашмасдан аввалоқ билардим, аммо расмиятчилик учун қатнашардим. Бундай тингловларнинг зарари йўқ, аммо муҳим бўлгани - юрт ичида иш олиб бориш, демократия ва инсон ҳуқуқлари нималигини ҳам билмайдиган ўз халқимиз билан ишлашга уруғу беришдир. Халқнинг ўзи бугуни ва келажаги билан қизиқмаса, демократик мухолифат ичида бирлик-баробарлик бўлмаса, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Мен яхши биламанки, Озорбайжонда халқнинг бўлаётган жараёнларни тушуниш даражаси биздан фарқсизлигидан ташқари, мухолифат ичидаги бирлик-баробарлик йўқлиги масласида ҳам аҳвол ўзимиздаги каби. Масaлан, яқинда бу мамлакатда парламент сайловлари бўлади, мухолифат қоғоздагина Демократик Кучларнинг Миллий Кенгашида бирлашган бўлса ҳам амалда бирлик йўқ. Ваҳолангки, бир-биридан фарқини ўзлари ҳам билмайдиган ва тушунтириб беролмайдиган демократик партияларнинг лидерларида амбициядан бошқа нарса йўқ.

Мен мухолифат ичида ички уруш очиб бўлса ҳам, ягона кучли мухолифат яратиш йўлида кураш олиб бормоқдаман. Ақли бор одамларнинг ҳаммаси буни кўриб турибди. Озорбайжондаги дўстларим, минг афсуски, бундай нарсаларни ҳали ҳатто тушунишмайди.

Расмда – Сенаторсиз Сенат тингловининг нотиқлари.