30 October 2015
07:22 - Мустафа Жамилўғли: Россия Қримга яна русларни кўчириб келмоқда

Кеча Киевда УНИАН агентлигида Украина парламенти Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари, миллий озчиликлар ва миллатлараро муносабатлар комитети раисининг ўринбосари Георгий Логвинский ва шу комитетнинг аъзоси, қримтатарларнинг миллий лидери Мустафа Жамилўғли матбуот-конференцияси ўтказдилар ва Қримда Женева конвенциясини бузиш ҳоллари жуда кўп бўлаётгани, бу ерга русларни кўчириб келиш уюштирилаётганини гапирдилар.

Мустафа Жамилўғли ҳозир Россиянинг сиёсати Қримни биринчи марта босиб олиш пайтидаги кабидир, деди. Ўша пайтда ерли аҳолини четга чиқариб юбориш, айни замонда, оммавий шаклда бу ерга Россиянинг ички вилоятларидан русларни кўчириб келиш учун ҳамма шароит яратилганди, ҳозир ҳам шундай бўлмоқда. Ҳозир одамларни Тула, Архангельск, Астрахан вилоятларидан кўчириб келишмоқда, уларнинг кўпчилиги ҳарбийларнинг оилалари.

Қрим инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мониторинг ўтказадиган мустақил халқаро ташкилотлар учун феълан ёпиқ эканлиги ҳам матбуот конференциясида айтилди.

Қримтатарлар яна оғир аҳволда экан, дейди мухбиримиз, Турк дунёсининг Туркиядан бошқа давлатлари ёки Россиядан қўрққанлари (Қозоғистон ва Озорбайжон) ёки Россиянинг ялтоқлари (Ўзбекистон ва Қирғизистон) бўлганлари сабабли бу муҳим масалада оғиз очмаяптилар. Туркманистон эса, ҳеч нарсага аралашишни истамайдиган ва ўйламайдиган мамлакатга айлантирилган. Турк дунёсида инқилобий ўзгаришлар бўлиб, ҳокимиятга туркчи-тўрончилар келмагунча қримтатарларга ҳеч ким ёрдам беролмайди.