29 October 2015
07:19 - Совуқ уруш давом этмоқда, аввал баҳона Украина эди, энди Сурия ҳам қўшилди, Туркиянинг боши дардда

Бир йил аввал хабарларнинг марказида Украина турарди, энди Сурия турибди. Ҳар куни Сурияда ўз манфаати бор давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари асосан телефон орқали музокаралар олиб бораяптилар. Уларнинг моҳияти хабарларда айтилмайди, чунки музокарачилар журналистларга умумий гаплар айтиш билан чекланмоқдалар. Вазирларнинг шахсий учрашувлари ҳам бўлмоқда. Лекин ҳамма биладики, Россия ва Эроннинг мақсади ўзларига дўст бўлган Башар Асадни Сурия раҳбари сифатида сақлаб қолиш, иккинчи тарфнинг мақсади уни йиқитиш.

Бу икки тарафнинг ҳам ўз ички муаммолари бор. Россия Асадни Араб дунёсида қолган ягона дўсти сифатида, шиа мазҳабига оид Эрон раҳбарлари эса, Асад шиаларга яқин диний оқимга мансуб бўлгани учун яхши кўрадилар. АҚШ Асадни ўзи душмани Эронга яқинлиги учун ёмон кўрса, бошқа араб давлатлари ўзлари сунний, Асад сал кам шиа бўлгани учун уни севмайдилар.

Бу орада Туркиянинг аҳволи қизиқ. Маълумки, Сурия узоқ йиллардан бери Туркия ҳудудларида мустақил курд давлати яратиш учун террористик уруш олиб бораётган ПККни қўллаб-қувватларди, шу сабабдан, турклар Асадлар режимининг бош душмани эди. Аммо, Туркияда ҳокимиятга исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси келгач, Туркия билан Исроил ва уни қўллаб-қувватловчи Ғарб ўртасига совуқлик тушди.

Натижада, Туркия НАТО аъзоси бўлатуриб, унинг рақиби бўлган Россия билан яқинлашишга бошлади. Бироқ Россия Қримни босиб олди, Туркия ва Турк Дунёсининг дўсти бўлган қримтатарларнинг лидерларини Қримга киритмай қўйди, бунинг устига, у очиқача Башар Асад тарафдорлигини кўрсатмоқда. Шулар туфайли, Россия-Туркия алоқалари бузилди, айни замонда, Туркия-Ғарб алоқалари тикланишга бошлади. Бироқ Ғарб ИШИДга қарши курашда курдларан фойдаланиш ниятида бўлгани, Туркияни эҳтиётроқ бўлишга ундамоқда.

Хуллас, ҳаммаёқ аралаш-қуралаш ва Украинадаги кризис туфайли бошланган совуқ уруш Сурия туфайли янада қизимоқда.

Бир неча кун аввал Россия 2016 йилда Мудофаа вазирлиги учун ажратилаётган пулни давлат бюджетининг 20 фоизига чиқарганини, бу - Ялпи Ички Масулотнинг 5 фоизи эканлигини эълон қилган эди. Ғарб ҳам қараб турмоқчи эмас. НАТО мамлакатлари ўтган йилиёқ ҳарбий ишлар учун ҳаражатларни ЯИМнинг 2 фоизига чиқариш хусусида келишган эдилар. Кеча НАТО Бош Котибининг ўринбосари Александр Вершбоу бу альянсга кирувчи ҳамма давлатларни тезроқ бу режани амалаг оширишга чақирди. Шубҳа йўқки, оширишади.

НАТОга кирувчи мамлакатларнинг умумий Ялпи Ички Маҳсулоти Россияникидан 10 бараварча кўп эканлиги ҳисобга олинса, бу альянснинг ҳарбий ишлар учун ажаратаётган маблағи Россияникида 5-6 баравар кўп бўлса керак. Россия ўлимчи-террористлар каби белидаги ядровий бомбаларни портлатиб юбориш таҳдиди остидагина бу совуқ урушда мувозанатни ушлаб туролади. Нафақат Ғарб, балки, бутун дунё бу хавф билан ҳисоблашишга мажбур.

Шундай шароитда АҚШ Ботиқ бўйи давлатларида ўз қўшинларини русларнинг жиғига тегиш учун жойлаштираётгани ҳам ўз-ўзидан маълум. Бошқа тарафдан, Шарқий Европа давлатлари ўз ҳудудларида НАТО қўшинларининг орттирилишини исташмоқда.