22 October 2015
16:20 - Остонада МДҲ давлатлари ижод ва илм зиёлиларининг Х Форуми бўлмоқда, Ислом масаласи кўрилмаса, бундай форумларнинг фойдаси йўқ
Казинформ агентлиги Қозоғистон пойтахтидаги Миллий Музейда МДҲ давлатлари ижод ва илм зиёлиларининг Х Форуми бошланганини хабар берар экан, бу тадбирда МДҲнинг ҳамма мамлакатларидан 200 га яқин вақил қатнашаётганини айтади. Бу йилги форумнинг мавзуси “Ҳамдўстликнинг гуманитар майдони: умумий қадриятлар ва маданиятлар диалоги” бўлиб, бу йилги йиғилишда Улуғ Ғалабанинг 70 йиллиги алоҳида уруғу берилар экан. Хабарда айнан “Улуғ Ғалаба” ибораси ишлатилган, “Улуғ Ватан уруши” ёки “2-чи Жаҳон Уруши” эмас.

Йиғилиш қатнашчиларига Нурсултон Назарбойнинг баланд парвоз гаплардан иборат табрик мактуби ўқиб эшттирилди.

Қозоқларнинг хабарида ҳеч бўлмаса таниқли исмлардан ким Форумда қатнашаётгани айтилмайди. Расмлардан фақатгина бир вақтлар ўта машҳур бўлган хонанда, ҳозир Озорбайжоннинг Москвадаги масхарабоз элчиси Пўлат Булбулўғлини таниш мумкин. Афтидан, бошқа масхарабоз Олжас Сулаймон бу ерда йўқ.

2006 йилдан бери МДҲнинг турли давлатларида ўтказилиб келинаётган бу Форумнинг мақсади - фан, таълим, маданият, информация, туризм, спорт, ёшлар билан ишлаш соҳаларида ўтган йили қилинган ишларни, биргаликда ўтказиладиган тадбирлар режаларини муҳокама қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш.

Бундай тадбирлар ўтказиш глобаллашув асри деса бўладиган 21-чи асрда жуда ва жуда керак, дейди мухбиримиз. Аммо, Форум доирасида, санаб ўтилган соҳалардан ташқари, 21 асрнинг янги муаммолари, янги чақириқларига эътибор кучайтирилиши керак.

Ҳозир жаҳонинг энг буюк муаммоларидан бири - Ислом динининг жамиятдаги ўрни ва ислом терроризмидир. Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, Ислом дини бошқа динлар билан тинчликда яшаши мумкин бўлмаганидек, ислом терроризмини тўхтатиб ҳам бўлмайди.

МДҲ давлатлари ижод ва илм зиёлиларининг Форуми каби йиғилишларда айнан шу масалага алоҳида эътибор берилиши керак. Аммо, бундай масалаларни тушунадиган зиёлилар ҳамма МДҲ мамлакатларида мухолифатда бўлгани сабабли, бу каби тадбирларга улар яқинлаштирилмайди. Демак, Остонадаги каби форумлардан ҳозир ҳеч қандай фойда бўлмайди.