18 October 2015
15:22 - Юсуф Жума: Дунё сенинг оёғингни ўпмоғи даркор. Ёхуд бугунги ўзбек тафаккурининг инқирози ва Ўзбекистон мадҳияси ҳақида бир чимдим ҳақиқат
Бир муддат ҳақ йўлида бўлишлик эллик карра ҳаждан яхши
(Ҳадису Шарифдан)

Урҳо-урҳо, ёғи қочди ё оллоҳ, урҳо
Ер юзида бузилганга ўхшар интизом.
Авлодимдан Соҳибқирон чиқолган ким бор?!
(Мақсуд Шайхзода, "Мирзо Улуғбек")

"Шайх ака буюк Шекспирни доғда қолдирди! " - деганлар буюк Шукур Бурхон.
Даҳони даҳо тушунади.

Бугунги ёшлари 60-80 дан ошган шоиру ёзувчилар адабиётни ўқишда Шукур Бурхоннинг тўпиғидан ҳам келмайдилар.

Нафақат ўзбек давлатчилиги, иқтисоди инқирозга учради, онги ҳам инқирозда. Ҳаммаси онгдан бошланади.

Бугунги маънавият тимсоли мадҳияни ўқинг: Серқуёш ҳур ўлкам элга бахт, нажот.

Серқуёш - кўп қуёш дегани - Ўзбекистонда ўнта қуёш чиқадими?! Серёғду деса бўларди ўта жўн сатр.

Сен ўзинг дўстларга йўлдош меҳрибон.

Сен дўстсан дейиш учун шоир бўлиш шарт эмас.
Жўн.

Яшнагай то абад илму фан ижод.

Яшнагай сўзи ноўрин ишлатилган, юксалсин деса бўларди. Ёхуд илм боғи яшнагай деса бошқа гап эди. Мантиқсиз жўн сатр.

Шуҳратинг порласин токи бор жоҳон.

Шуҳрат чироқ, қуёш эмас, порласин дейилса. Шуҳратинг қуёши дейилса бошқа гап эди, лекин барибир жўнлигича қоларди. Ожиз шеърни минг марта қайта ишлаш бенаф, воз кечмоқ даркор. Мадҳия сўзи - бошдан охир жўн сатрлар. Агар мадҳия бўлмаса тилга ҳам олмасдим бу шеърни, чунки арзимайди.

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
Оламни маҳлиё айлаган диёр.

Ташна сув ҳақидаги сафсатадан эмас, сувни кўрса жунбушга келади.

Мақсуд Шайхзоданинг юқоридаги сатрлари билан бошланган Амир Темур монологи миллатни жўштира оладиган уммонлардир. Мадҳия дегани шундай бўлмоғи, миллат қони жунбушга келмоғи лозим.
"Мирзо Улуғбек"да ёш Улуғбек Қозизода Румий қўлини ўпганда Соҳибқирон танбеҳ беради, Афлотун тирилиб келса ҳам бундай қилма. "Дунё сенинг оёғингни ўпмоғи даркор!" дейди. Мана шундай қудратли сўз керак мадҳия учун. Қандай мадҳия бўладики, унда ҳикмат бўлмаса?! Каттадан кичикка мажбур ёдлатилган мадҳия миллат онгини ўстиришга қандай хизмат қилиши мумкин?! Маҳкумлар ёдламагани учун ўлдирилмоқда.

Миллат тухум бўлса, тарбия -- очувчи, улғайтирувчи. Товуқ очса товуқ бўлади. Товуқ калхат тухумини ҳам, илон тухумини ҳам босаверади, ўзига, авлодига бало бўлади, бугунги ўзбек амалдорлари халққа офат бўлгандай. Лочин тухум очса лочин бўлади.

Бугун ўзбек маънавияти - товуқ!
Товуқларни лочинларга - Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Мақсуд Шайхзодадай даҳоларга алмаштириш зарур!

Адабиёт болалар боғчаси эмас, ёшлар боғи ҳам, қариялар уйи ҳам, касалхона ҳам эмас ҳар кимнинг кўнглига қаралса. Адабиёт - Жанг майдони! Миллат тақдири ҳал бўлади бу майдонда!

Даҳо ким?!
Инсоният тафаккурининг - яратилган жамики илму ҳикматлар оламини кенгайтирган, юксалтирган зотдир.

Даҳо Абдулла Қодирийдан мисол:

"Заҳарланиб ўлаётган Кумушбибини кўриш учун Юсуфбек ҳожи келади.
- Ойим, - дейди ҳожи.
Кумушбиби ўрнидан турмоқчи бўлади. "

Жон бераётган аёл қайнота иззатига ўрнидан турмоқчи бўлади. Бундай юксак аҳлоқ кўпгина улуғ асарларда йўқ. Бундай ҳикматлар даҳо Қодирийда сероб. "Ўткан кунлар" ҳақидаги мақоламда ёзиб исбот этганаман. Бугунги товуқ даҳочалар буни уқмайдилар. Қодирийда тилдан бошқа нима бор дейишади талантшунос товуқлар.

Даҳо Шайхзодадан:
"Мени туққан онам бундоқ, мендан туғилган
Ўғил ундоқ! Эй кажрафтор фалак, уялгин!"

Бу байтда инсониятнинг нималигини кўрсатиб берган. Бундай байтни Ҳомердан Фирдавсийгача, Шекспирдан ҳозиргиларгача излаб топинг-чи, тополмайдсиз!

Байт
Шайхзодада Амир Темур панжаси,
Бор шоир мушт бўлсин синар барчаси.

Ҳикмат
Зўрни зўр бил хор бўлмассан,
Йўқса борда бор бўлмассан!

Мен Шайхзодани ўқитиш керак десам, товуқлар Шоҳнома зўр дейишади. Беш қизини босқинчи Искандарга тортиқ қилган эроний ҳақидаги сафсаталар кимга керак?! Мунчалар форспараст, арабпараст, ўриспараст бу товуқлар - сўқир товуқлар. Абу Райҳон Берунийни ўқимаган гумроҳлар. Даҳо олим Беруний эронийлар тўқиган ёлғондан нафратланади: Эмишки Искандар Доронинг ўғли. Доро оғзинг сассиқ деб Искандар онасидан ажрашган эмиш. Искандар она қорнида Юнонга кетганмиш. "Душманлар ҳамиша насабларга таъна қилиш, номусларни ерга уриш, турли уйдирма тарқатишга уринадилар, " деб ёзади Даҳо Беруний.

Даҳо Беруний Қутайба ва арабларнинг ҳам мана шундай уйдирмаларни тарих деб тўқишларини исбот этади.
Бизнинг нодон товуқлар Улуғ Амир Темурни ҳам мана шундай уйдирмалар билан ерга урмоқдалар. Гўё У араблар дуолари билан дунёни олганмиш. Ўғли Жалолиддинга эмас, бир арабга ишониб, Хоразмшоҳ Чингизга Туронни вайрон эттирди.

Ўғизхон дунёни араблар кўмагида олдими?!
Буюк момомиз Тўмарис-чи?!

Арабларнинг ўзидан Амир Темурдай доҳий (Абдулла Қодирий) чиққанми?!
Соҳибқирони аъзам, Одам Атодан қиёматгача биттадир!

Ингилизлар Амир Темурни ўрганиб, Ал Хоразмию Ибн Синоларни ўрганиб оламда энг уст миллатдирлар. Биз-чи, энг паст миллат, қул бўлиб қолдик!

"Озодлик"даги сафсатабонлар Соҳибқиронга туҳмат қилдилар, ҳеч ким индамайди. Тошкентда "Амир Темур қўй ўғриси", "Араблар истило қилмади, дин келтирди" деган сафсаталар ёзилган китоблар нашр қилинмоқда. Араб истило, геносид қилмай, тўй қилдими?!

Даҳочалар
Подшо оппоқ,
Биз-чи, байроқ,
Оҳ, бундоқ,
Воҳ, бундоқ деб Ўзбекистондан АҚШгача, АҚШдан Ўзбекистонгача узунликда дейдиёлар тўкишмоқда. Дийдиёлар шеър, адабиёт бўлолмайди.

Бизнинг Туркистон - Турон деган давлатимиз бўлган. Ўзбекистон деган давлатимиз бўлмаган.
Ўзбекистон - Туркистоннинг юқи, холос.
Бизда яна Турон - Туркистон деган давлатимиз бўлади.

Ўзбекистон поёнсиз, серқуёш деб борига элни кўндириш - сотқинлик, жиноят!

Ҳар бир "даҳо"га баёзларини мадҳиядай таҳрир этиб, исбот этиб бераман керак бўлса.
Энди нега майдалашди Темур уруғи,
Энди нега майдалашди ҳокимлар руҳи?! (Мақсуд Шайхзода, "Мирзо Улуғбек")

Руҳни майдалаштирган ҳезмижоз қаламкашлар - Туркистоннинг маънавий душманлари!
Шеърият - Даҳо Шайхзодананинг Темур Маналоги даражасида бўлса шеъриятдир.
Наср даҳо Абдулла Қодирийнинг "Ўтган Кунлар"и мақомида бўлса, насрдир, адабиётдир, миллатга мактабдир!

Ҳезона баёзларингизни оилангизга мерос қолдиринг!
Бугунги Ўзбек адабиёти адабиёт эмас!
Тўйлар муборак, яллалар тўйларда керак. Кураш майдонига ярамайди, ҳамма жўровоз бўлиб куйласа ҳам.
Бас, маддоҳ товуқларни дарсликлардан супуриб ташлаб, лочинларни ўргатмоқ лозим!
Лочинлар ҳикмати будир:
Ё бўл, ё ўл!