16 October 2015
08:16 - Сенсация: Афғонистоннинг Шебурғонида Туркия консуллиги очилади, маҳаллий ўзбек фаоллари консул билан учрашдилар

Сенсация - аҳолисининг кўпчилиги ўзбеклар бўлган Шебурғонда Туркия давлатининг элчихонаси очилишга тайёрланаётганида эмас, ҳали расман очилмаган консулликка маҳаллий ўзбек фаоллари келиб, ҳали расман фаолиятини бошламаган консул билан учрашганларидир. Учрашганлар ичида “Ҳаракат” агентлигининг ўша минтақалардаги янги мухбири ҳам бор эди.

Аввалги хабарларимиздан маълумуки, Афғонистонда 3-5 миллион ўзбек борлиги айтилади, аммо бу ерда биронта ўзбек мактаби ёки ўзбекча дарс бериладиган синф йўқ. Мана ўзбек миллатининг аҳволи.

Тушунишимизча, Афғонистон шимолида ғариб аҳволга тушган ўзбекларни оёққа турғазиш ҳаракатида бўлган фаоллар бор. Уларнинг биринчи мақсади ўзбекча дарсликлар яратиш, ҳеч бўлмаса биронта мактабда ўзбекча синф очиш.

Уларнинг олижаноблиги ва айни замонда, ўзбек миллатининг пасткашлигига нима дейсиз? “Ҳаракат” бу ўзбеклар гураҳи билан алоқа ўрнатганда, улар ҳайронликларини яширолмай қолдилар. Чунки, бу дунёда Афғонистондаги ўзбекларнинг тақдири билан қизиқадаиган бошқа ўзбеклар борлигини улар ҳаёлларига ҳам келтиришмаган экан.

У ерлик мухбиримизнинг бизга юборган хабарига Шебурғондаги Туркия консули билан ўзбекларнинг учрашувида олинган расм ҳам илова қилинган. Аммо, консулдан бу расмни эълон қилишга рухсат олиш уларнинг ҳаёлига ҳам келмагани сабабли, мухбиримиз ўзи ҳам бор бўлган бу расмни ҳозир эълон қилмасликни сўради. Биз унга “хўп” дедик.

Аввалги хабарларимизда сайтимизни ўқиётган ўзбекларга мурожаат қилиб, Афғонистондаги мухбиримизга ёрдам беришни сўраган эдик. Икки одамдан жавоб олдик. Улардан бири 100, иккинчиси 150 доллар ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди. Уларга раҳмат айтиш, уларга таъзим қилиш кераклигини тан олган ҳолда, ўзбек миллатининг аҳволига “дод” дейишимз керак.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат мутлақо ҳақ: ўзбекларни қайтадан одам қилиш, қайтадан миллат сифатига эриштириш лозим. Акс ҳолда ҳеч нарсага эришолмаймиз. Ўзбекистонда тожиклар ҳукмронлик қилишни давом эттираверади, Қирғизистондаги 1 млн ўзбек ўз овозини ҳам чиқаролмай ўтираверади, Тожикистон ва Қозоғистонда ўзбекча мактабларни бекитиш давом этаверади, 3-5 млн ўзбек борлиги айтилаётган Афғонистонда ўзбеклар битта ўзбекча мактаб ҳам очолмай қолаверадилар.