15 October 2015
14:44 - Обама Афғонистонда қоладиган қўшинларининг сонини 1 мингдан 5,5 мингга чиқармоқчи, Абдураҳим Пўлат бунинг ҳам фойдаси камлигини айтмоқда
АҚШдаги NBC News телеканали сайтида бугун ярим кечадан кейин берилган хабарда Президент Барак Обаманинг Афғонистонда 2010 йилгача бўлган, ҳозир бўлган ва 2016 йидан кейин бўладиган АҚШ қўшинларининг сони муҳокама қилинади.

2010 йилгача Афғонистондаги АҚШ ва бошқа НАТОлик иттифоқчилар қўшинларининг сони 100 мингдан кўп бўлгани, кейинги йилларда уларнинг сони кескин камайтирилиб, ҳозир сал кам 10 мингга туширилган ҳаммага маълум эди. Чунки, бу ҳақда АҚШ ва НАТО расмийлари ўз вақтида хабар тарқатиб борганлар. Яна шу нарса ҳам маълумки, Барак Обама 2016 йилнинг охиригача Ағонистондаги қўшинлари сонини 1 мингга туширмоқчи эди.

Ҳеч шубҳа йўқки, у пайтларда АҚШ ва умуман Ғарб Афғонистонда ислом терроризмини феълан йўқ қилиб бўлганларига ишонишарди. Шу сабабли, у ердан секин-аста бутунлай чиқиб кетишмоқчи эди.

NBC News телеканали Оқ Уй расмийларига асосланиб айтишича, Барак Обама бугун эрталаб (ҳозир АҚШда саҳар пайти) аввалги фикрини ўзгартириб, 2016 йилдан кейин Афғонистонда қоладиган қўшинларининг сони 5,5 мингдан кам бўлмаслигини эълон қилади. Бу қўшинлар америкаликларнинг Қобул яқинидаги Баграм ҳарбий базаси, Жалолобод ва Қандаҳорда бўлади.

Ҳеч шубҳа йўқки, АҚШ Президентининг янги қарори ИШИДнинг ҳам пайдо бўлиши туфайли Толибоннинг активлиги кескин ошиши таъсирида қабул қилинган.

Аммо, айни замонда, АҚШ раҳбарлари “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг ислом терроризмини куч билан енгиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрларини тушунишга бошладилар. Абдураҳим Пўлат ўз фикрларини Барак Обамага шу йилнинг бошида йўллаган хатида ёзган эди. Яқинда БМТнинг Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Барак Обама биринчи марта Абдураҳим Пўлатнинг гапларини такрорлашга мажбур бўлди.

Бундан ҳам муҳими, Барак Обама БМТдаги нутқида Абдураҳим Пўлатнинг “Ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг ўзидадир. Демак, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, ислом терроризми тугамаслиги” ҳақидаги фикрини бошқачароқ шаклда такрорлади. У шундай деди: “Мусулмонларнинг ўзи “ислом” ва “ислом терроризми” битта нарса эмаслигини ҳаммага тушунтиришлари керак.”

Барак Обама мусулмон бўлмаганлиги сабабли,исломчилар уни мусулмонларнинг ишига аралашишда айблашлари мумкинлигини ҳисобга олиб, Абдураҳим Пўлатнинг гапларини тўғридан-тўғри такрорламасдан, уларни мавҳумроқ шаклда ифода қилган.

Аммо, дейди Абдураҳим Пўлат, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом динининг ўзи дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш осон бўлмайди, кўп вақт олади. Буни тезлаштиришнинг ягона йўли - ҳаммани, Ғарб давлатларини ҳам, бу ишга тортишдир. Менинг Обамага хатимда айнан шундай таклиф киритилган. Ғарб мамлакатларида мусулмонларнинг сони сезиларли даражага чиқиб бўлгани сабабли, бунга ҳеч ким қарши чиқолмайди.