12 October 2015
10:09 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Нега Абдураҳим Пўлатнинг Ислом дини ҳақидаги фикрлари “Ҳаракат” сайтида йўқ?

Исми кўрсатилмаган ўқувчимиз: Мен Фейсбукдаги киминингдир саҳифасида Абдураҳим Пўлат қўйган постни кўриб қолгач, ундан ўзимга нусҳа қилиб олган эдим. Ҳақиқатда ҳамманинг ҳам ақлига келавермайдиган гаплар. Нега буларни ҳеч ким муҳокама қилмайди?

* * *

Абдураҳим Пўлат: Ислом терроризмининг илдизлари Қуръонни хато тафсир қилинишидан келиб чиқувчи тушунчаларга асослангани сабабли, ислом терроризмига қарши қилинган ҳар бир қадам Исломнинг ўзига қарши бўлиб қолаверади. Бу ҳақиқатни дунёда биринчи тушуниб етган одам мен бўламан демоқчимасман, аммо биринчи бўлиб очиқча гапирган менман. Мусулмонлар, аввламбор, ёппасига чаласавод Ислом уламолари бундай нарсани тушуниб етишлари учун яна юз йиллаб вақт керак.

Ислом терроризми билан биргаликда Исломнинг ўзини ҳам йўқ бўлиб кетишдан қутқарадиган ягона йўл - Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Бу ишни ўзимиз қилмасак, буни бизга инсоният зўрлаб қабул қилдиради. Бу динимизнинг ўлими бўлади. Оллоҳ биздан юз ўгириб, асосан яҳудий ва насронийларни қўллаб-қувватлаётгани сабабли, бундай ўлим табиийдир.

Аммо, ишонаманки, мен каби тушунадиганларнинг сони ортиб боради ва динимизни сақлаб қоламиз, кейин уни юксалтирамиз, Оллоҳни ўзимига қаратамиз. Биздан ҳаракат - Оллоҳдан баракат.

Бундай нарсаларни тушунишни истаганлар "Ҳаракат" сайтини ёки унинг Фейсбукдаги саҳифасини ўқишлари керак - www.facebook.com/harakat.net


* * *

“Ҳаракат” хатқутисидан: Ҳурматли исми кўрсатилмаган ўқувчимиз. Биринчидан, Абдураҳим Пўлатнинг Сиз юборган постингдаги фикрлари билан “Ҳаракат” сайти тўла. Иккинчидан, “Нега буларни ҳеч ким муҳокама қилмайди?” деган саволингизга жавоб Абдураҳим Пўлатнинг постингида берилган: “Мусулмонлар, аввламбор, ёппасига чаласавод Ислом уламолари бундай нарсани тушуниб етишлари учун яна юз йиллаб вақт керак.”