09 October 2015
15:13 - Украина Президенти Петр Порошенко Остонада нима қилмоқда?

Қозоқларнинг Казинформ ва Интерфакс-Қозоғистон агентликлари Украина Президенти Петр Порошенконинг Қозоғистонга биринчи ташрифи ҳақида умумий гаплардан иборат қисқа хабарлар тарқатмоқдалар. Ташриф расмий бўлган сабабли Петр Порошенкони Нурсултон Назарбой тарафидан расмий кутиб олиш мароими бўлгани умуман тилга олинмайди. Бизнинг хабаримиздаги бу маросимга оид расм украинларнинг УНИАН агентлиги сайтидан олинган.

Қозоқ ахборот воситаларида икки президент сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишгани, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга келишганлари, Қозоғистон-Украина бизнес-форумининг очилишида иштирок этишгани каби хабарлар тарқатилар экан, Россия-Украина кризиси борлиги тилга олинмайди ҳам.

Аммо, УНИАНга кўра, тарафлар Украинадаги кризис бўйича Минскдаги келишувлар қандай бажарилаётгани, Нормандия тўртлигининг ишларини ҳам муҳокама қилишибди. Аслида, ҳеч шубҳа йўқки, Петр Порошенко шу кризис масаласида Нурсултон Назарбойни ўз тарафига тортиш учун Остонага келган. Аввалги хабарларимиздан маълумки, Нурсултон Назарбой бир неча ой аввал Нормандия тўртлиги саммитини Остонада ўтказилишини эълон қилиб, бу йўналишда амалий ишлар ҳам бошлаган, аммо Путиннинг талаби билан бўлса керак, ўз ташаббусидан охирги дақиқада шармандаларча воз кечган эди.

Тушуниш мумкинки, Петр Порешонко Остонага ташрифи пайтида ҳам бу масала бўйичаНурсултон Назарбойга таъсир ўтказолмаган, ўтказолмайди ҳам. Чунки, Қозоғистон қўл-оёғи билан Россияга боғлиқ. Бошқа тарафдан, Украина-Россия конфликтида Путин орқага чекинмаса, унга қарши Ғарб тарафидан киритилган санкциялар давом этаверади, бу санкциялар Қозоғистоннинг ҳам оёғидан ураверади. Хуллас, Нурсултон Назарбойнинг боши қотганлиги шубҳасиз.

Дарвоқе, қозоқларнинг хабарларига кўра, Петр Порошенко Нурсултон Назарбойни “Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги” билан табриклабди, Нурсултон Назарбой Остонада Тарас Шевченкога ҳайкал ўрнатилишини гапира туриб, Киевда Абайга ҳайкал ўрнатилишига умид қилаётганини айтибди.