09 October 2015
01:07 - ИШИДнинг янги арифметикаси: 1 турк аскари = 200 жиҳодчи

Туркия-Сурия чегарасида 1 сентябрь куни қайсидир сабаб билан бир турк аскари ИШИД жангариларининг қўлига тушиб қолгани маълум эди.

Сертар Тош исмли 28 ёшдаги аскарни ИШИД қўлидан қутқариш учун Туркия Миллий Истиҳборат Ташкилоти (МИТ) ўз йўллари орқали ИШИД билан алоқа ўрнатиб, қандайдир музокаралар олиб боргани кеча оммавий ахборот воситаларида хабар қилинди. Маълум бўлишича, террористлар бир турк аскарини озод қилиш қилиш учун туркларнинг қўлида бўлган 200 нафар жиҳодчини қўйиб юборишни талаб қилишибди ва бу 200 жангарининг рўйхатини беришибди.

ИШИДнинг қўлида бўлган Ракка шаҳрида телефон бўлмагани сабабли, ИШИД-МИТ вакиллари Фейсбук таркибида ишлайдиган WhatsApp хабарчилик воситаси орқали музокара олиб боришибди. МИТ вакили Сертар Тошнинг соғлиги қандайлигини сўрабди, унинг соғлиғи яхши эканлиги, русларнинг ҳаводан ҳужумлари туфайли турар жойи ўзгартириб турилгани ҳақида жавоб ҳам олибди.

Бир турк аскарини 200 жангарига алмаштириш таклифи МИТнинг юқори органлари тарафидан кўриб чиқилгач, уларнинг қарори ИШИДга етказиладиган бўлибди. Тахмин қилиш қийин эмаски, турклар бундай арифметикани қабул қиладилар. Чунки, муҳим бўлгани - турк аскарининг ҳаётини сақлаб қолишдир, ИШИД жангарилари эса, қаерда бўлмасин, эртами-кеч барибир йўқ қилинади.