07 October 2015
08:41 - Курдларнинг ПККчи террористлари билан уруш ичида бўлган Туркия 1 ноябрь сайловларига қараб кетмоқда
Туркияда ҳар куни бир неча жойда яхшигина қуролланган ПККчи террористлар полиция ва хавфсизлик бўлимларига, осойишталикни сақлаш учун кезаётган полиция ва армия гуруҳларига ҳужумлар уюштирмоқдалар. Улар узоқдан бошқарилувчи миналар портлатишади ёки узоқдан ракеталар отишади ёки узоқдан ўқ отишади, сўнгра тоғларга, қирларга ёки маҳаллаларга кириб ғойиб бўлишади. Курдларнинг мутлақо кўпчлиги уларни қўллаб қувватламоқда ва уларни бекинишига ёрдам бермоқда.

Ҳар бир ҳужумда 1-2 аскар ёки полициячи ўлдирилмоқда ёки ярадор бўлмоқда. Террористлар ичида ўлаётганлар ундан ҳам кўп.

Айни замонда, мамлакат бўйлаб сайлов олди кампанияси давом этмоқда. Маълумки, 7 июнда ўтказилган парламент сайловларида ҳеч бир партия 50 фоиздан кўп овоз ололмади ва якка ўзи ҳукумат қуроладиган ҳолга келолмади. Парламентга кирган 4 партиянинг 550 кишилик парламентдаги депутатлар сони ва партияларга овоз берганлар сайловчиларнинг фоизи қуйидагича бўлган эди:

АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси – 258 ( тахминан 41%)

ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси – 132 (тахминан 25%)

МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 80 (тахминан 16%)

ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси – 80 (тахминан 13%)

Ҳозирги сайлов олди кампанияси ҳам уруш каби бормоқда. Партиялар бир-бирларини ўласи қилиб танқид қилмоқдалар. Турли сўровномалар ўтказилиб, қайси партия қанча овоз олиши мумкинлиги ҳисобланмоқда. Турли сўровномаларнинг натижалари турли бўлса ҳам, улар тахминан қуйидагича чиқмоқда:

АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси (исломчилар) – 42-43%

ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси (сўлчилар) – 25-26%

МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси (миллиётчилар) – 14-15%

ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси (курдлар) – 12-13%

Демак, 1 ноябрдаги сайловларда ҳам асосий муаммо коалицион ҳукумат қуриш бўлиб қолади. Ичкарида қонли уруш, қўшни Ироқ-Сурияда Туркияга сачраб турган ўта қонли уруш давом этар экан, Туркия ичида сиёсий барқарорлик йўқлиги вазиятни яна ҳам мураккаблаштирмоқда.