01 October 2015
19:31 - “Эзгулик” жамияти: Сирдарёда теримчиларни олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетди

Бу воқеа тафсилотларини қаламга олган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзининг 33-сонли пресс-релизини “Сизга яна қанча қурбон керак, ўртоқ Мирзиёев? Фуқароларни пахтадан қайтаринг!” деб номлаган. Релизга кўра, 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакат бўйлаб эълон қилинган дам олиш кунида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани “8-совхоз”и пахта пайкалларига олиб кетилаётган ҳашарчилар автоҳалокатга учраган. Русуми Зил-14 юк автомашинаси ағдарилиши натижасида ҳашарчиларнинг 4 нафари вафот этган ва яна 18 нафари Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Марказининг Гулистон шаҳар филиали реанимация бўлимига жойлаштирилган. Вафот этган 4 нафар ҳашарчи орасида вилоятнинг Гулистон туманида истиқомат қилган 17 яшар ўспирин ҳам бор.

“Воқеа шоҳидлари ва иштирокчилари воситасида олинган маълумотларга кўра, воқеа ҳудудига маҳаллий давлат ҳокимяти органлари раҳбарлари, пойтахт Тошкентдан Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, МХХ мулозимлари етиб келишган. Суриштирув-тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган. Автоҳалокат сабаби аниқ эмас, тафсилотлар ўрганилмоқда. Ҳолбуки, сўнгги бир неча кун давомида мамлакатда пахта йиғим-терими учун оммавий сафарбарлик эълон қилинган айни пайтда жамоат жойларига мажбурий меҳнат қонунга зид экани, меҳнатга мажбурловчиларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида варақалар пайдо бўлганди. Жамоат жойлари, муассасаларга осилган варақаларда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси “Пахта – ризқ-рўзимиз”, пахта йиғим-терими жараёнида мажбурий меҳнат холатларига йўл қўйилмайди – огоҳ бўлинг”, дея хитоб қилганди” дейилади релизда.

Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячи ташкилоти жамолатчиликка мурожаат қила туриб: “Мирзаободга йўл олган ҳашарчилар, уларнинг хонадонини байрам куни мотамга айлантирган “мажбурий меҳнат”га ким кўрсатма берганди? БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти инспекторлари Ўзбекистон ҳукуматининг ғоят маккорона ноғораларига ўйнаб, жамоатчиликдан пинҳона текширувлар олиб бораётган, айни пайтда “Эзгулик” сингари расмий давлат рўйхатидан ўтган ҳуқуқ ҳимоячи жамият фаолари иштирокини рад қилган кузатувчилар кўз ўнгида содир бўлган фалокатга ким айбдор? Ҳар йилгидек одамлар пахта ҳашари учун ўлиб кетаверади, оппоқ қор сингари пахта хирмонлари остида излар босилаверадими?” деган саволлар ёғдиради.

“Эзгулик”ка кўра, мамлакатда пахта штабига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат комплекси раҳбари, айни пайтда Бош вазир ҳам ҳисобланган Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилмоқда. Унинг оғзаки, расмий кўрсатмалари билан оммавий ҳашар жорий қилинган ва у кундалик назорат қилиб турилибди. Теримга масжид имомларидан тортиб, милиция рўйхатида турган фоҳишаларгача жалб қилинган. Талабалар пайкалда, мактаб ўқитувчилари, шифокорлар пахта термоқда. Пахта фронтидан фалокатлар, ўлимлар борасида пайдар-пай “қора хат”лар келиб турибди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти релизи сўнгида Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёга мурожаат қилиб: “Шавкат Миромонович, пахта фронтини бас қилинг! Токи бу фронтда бегуноҳ кишилар мажбурий меҳнат қурбони бўлишаркан, бундай ҳашарни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди. Аксинча, мамлакат манфаатлари учун шунча одамни қурбон бериш иддаонгиз бўлса, марказий ТВ, матбуот орқали жамоатчиликка изоҳ беринг!” дейди.