30 September 2015
19:29 - Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси экстремистик-террорист ташкилот сифатида йўқ қилинди

Бу ҳақда хабар тарқатган Тожикистон ахборот воситаларига кўра, кеча мамлакатнинг Олий Суди Бош прокурорнинг талабини бажариб, Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясини экстремистик-террорист ташкилот сифатида юридик шахсликдан чиқарди, партиянинг “Нажот” газетаси ва Интернетдаги сайти бекитилди, турли агитацион материалларини мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш тақиқланди.

Хабарларда партия аъзоларининг турли йилларда қилган ва жиноят деб ҳисобланадиган ишлари санаб чиқилади. Анан ўшалар партиянинг йўқ қилинишига асос қилиб кўрсатилган. Аммо, кўринишидан, партиянинг тақиқланишининг асосий сабаби Мудофаа вазирининг ўринбосари, Ислом Уйғониш Партиясининг аъзоси Ҳалим Назарзода ташкил қилган қуролли гуруҳларнинг шу йил сентябрь ойи бошларида уюштирган бир қатор террористик актларидир.

Мухбиримизга кўра, Ҳалим Назарзода мамлакатнининг барқарорлигини бузиб, халқни Имомоли Раҳмоннинг режимига қарши оммавий чиқишлар қиладиган ҳолга туширмоқчи бўлган. Аммо, халқ уни қўллаб қувватламаган. Натижада, ҳукуматнинг қуролли кучлари Ҳожи Ҳалим ва унинг одамларини осонликча йўқ қилдилар.

Навбат Ислом Уйғониш Партиясига келиши аввалдан маълум эди, мана кеча айнан шундай бўлибди. Имомали Раҳмонни шошилинч қадамлар қилишга мажбур қилган омиллардан яна бири - Афғонистон шимолида, яъни Тожикистон билан чегарадош минтақаларда Толибоннинг кучайиб бораётгани бўлса керак.