30 September 2015
18:28 - Россия расман Сурияда урушга кирди, аммо жавобсиз саволлар кўп

Бугун эрталаб Россия Давлат Думасининг юқори палатаси Федерация Кенгаши бир овоздан Президент Владимир Путиннинг Россия қўшинларини Суриядаги урушга киритиш хусусидаги илтимосини қондирди.

Россия Президенти маъмуриятининг раҳбари Сергей Иванов (расмда) Федерация Кенгашининг мажлисида Сурия Президенти Башар Асад Россиядан ҳарбий ёрдам сўрагани, гап фақат ҳарбий ҳаво қўшинларини Сурияга жўнатиш ва уларнии айнан ИШИДга қарши ишлатиш ҳақида кетаётганини гапирди.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса, бошқа давлатга қўшин олиб кириш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ёки қўшин олиб кирилаётган давлатнинг рухсати бўлиши кераклигини урғулаб, Россия Сурияда урушга қонуний равишда кирган ягона давлат эканлигини айтди.

АҚШ расмийлари Россия учоқлари ҳужумларни бошлаб юборганини ҳам айтмоқдалар.

Россия Яқин Шарқдаги урушда ташаббусни ўз қўлига олишга бошлагани очиқча кўриниб турибди. Аммо, битта нарса ноаниқ, Россия бу ишларни АҚШ билан яширинча маслаҳатлашиб қилмоқдами ёки ўзичами? Бошқа савол ҳам бор: Россия ва шиаларнинг коалициясига сунний давлатлар қандай қарашади?