30 September 2015
14:45 - “Эзгулик” раҳбари Васила Иноят ЕХҲТ анжуманида яна сиёсий ҳуқуқларга урғу берди
Польша пойтахти Варшавада давом этаётган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг инсон ҳуқуқларига оид йиллик анжуманида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят ҳам иштирок этиб, Тошкентга қайтиб ҳам келди. Техник сабаблар туфайли кечикиб олинган маълумотларга кўра, ҳамкасб дўстимиз анжуамннинг 24-26 сентябрь кунлардаги мажлисларида чиқиш қилиб, дунё ҳамжамияти эътиборини яна Ўзбекистонга қаратишга ҳаракат қилган. Васила Иноят “Ҳаракат” мухбирига Польша анжуманига фақат сиёсий ҳуқуқларги дастак бериш ниятида боргани, аксинча, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи бу каби навбатчи мажлисбозликлар туфайли ўнгланмаслигини таъкидлаган.

“Аввалбошдан ниятим Ўзбекистондаги сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари масласини яна бир марта жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этиш эди. Боиси узоқ йиллардан бери мамлакатимизда давом этиб келаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларининг илдизлари бевосита сиёсатга келиб тақалади. Инсон ҳуқуқлари аҳволининг илдизлари тўғридан тўғри сиёсий ҳуқуқларнинг камситилиши билан боғлиқ. Мамлакатда қачонки сиёсий мухолифат рўйхатга олиниб, демократик одим отишга имконият яратилса, сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш имкоиняти пайдо бўлади. Ўшанда ҳам инсон ҳуқуқлари масаласида муаммолар етарли бўлади, аммо тижоратчлар тилида айтганда “движения” пайдо бўлади” дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Мухбиримизга кўра, Васила Иноят анжуманда чиқишида ва анжуман доирасида ўтказилган думалоқ стол атроифидаги учрашувларда мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, қийноқ ва фуқаролик жамияти вакилларини таъқиб қилишдек муаммолар мажмуи картинасини сиёсий ҳуқуқлар призмаси орқали чизиб берди. Мамлакатдан мустақил овоз сифатида ёлғиз борган Васила Иноят анжуман доирасида маломатларга ҳам нишон бўлгани маълум бўлди. Ўзини аллақандай Бўриев деб таништирган Инсон ҳуқуқлари бўйича Республика Миллий Маркази вакили ЕХҲТ анжумани иштирокчиларини “дезинформатор Иноятова”га қулоқ солмасликка чақирган.

“Албатта, менинг чиқишларим мазмун-моҳияти халқаро ташкилотлар томонидан тузилган ҳисоботлар, Ҳюьман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия сингари ташкилотларнинг чиқишларида ҳам акс этган. Ҳатто Бўриевнинг бу анжуманга келишини молиялаган ЕХҲТ ҳисоботларида ҳам мавжуд. Улар қолиб, менинг дезинформаторга чиқарилишим, шубҳасиз, Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил фуқаролик жамияти вакилларига тоқатсизликни ифода этади” деди Васила Иноят.

“Бирлик” лидерларидан бири Васила Иноят анжуман доирасида АҚШ Давлат Департаменти, Европа Иттифоқининг юқори даражали мулозимлари билан ҳам учрашди.