18 September 2015
22:26 - БЕКОБОД СУДИ ИККИ МИЛИИЯ ХОДИМИНИ ЖАЗОЛАДИ (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи - №30 18.09.2015)
Шу йилнинг 16 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод тумани суди Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБга қарашли тергов ҳибсхонасининг икки нафар тезкор ходими – Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовни уч йил ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга ҳукм қилди. Милиция ходимлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш)да айбланган.

Суд ҳукмига кўра, юқорида номлари зикр қилинган милиция ходимларининг совуққонлиги натижасида шу йилнинг 9 апрелига ўтар кечаси Бекободдаги тергов изоляторида 28 яшар Камолиддин Қўзиев ўз жонига қасд қилган. Аммо судланувчиларнинг судда беришган гувоҳлигига биноан Бекобод тумани ИИБ раҳбарияти Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовни алдов йўли билан судгача олиб келишди. Яъни, марҳум Камолиддин Қўзиев изоляторига ваҳшиёна қийноқлардан сўнг келтирилган ва жиноят қидирув бўлими вакилларининг қийноқлари натижасида вафот этган.

Кейинчалик Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовлар ўзларининг алданганини билишган ва ҳақиқатни ошкор қилишди. Яъни, улар тергов изоляторига масъул сифатида Камолиддин Қўзиевни аввалига оғир аҳволда бўлгани боис қабул қилишмаганини, раҳбариятнинг аралашувидан сўнг улар жиноят қидирув бўлими ходимларидан Қўзиевни қабул қилиб олишганини таъкидлашди. Зокир Кубаев ва Ҳасан Тошматовларнинг суддаги кўрсатмалари бутун ички ишлар тизими вакилларини саросимага солиб қўйди ва мамлакатда қийноқларнинг систематик авж олгани исботланишига сал қолди. Суд сиёсий хатони тўғирлаб, маҳкумнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги айблов хулосасини қонунлаштириб берди.

Ҳолбуки, тергов ҳибсхонаси ходимларининг кўрсатмаларидан сўнг марҳум Камолиддин Қўзиевнинг ота-онаси, қариндошлари фарзандининг ўз жонига қасд қилмагани, аксинча, унинг сўроқлар даврида жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан қийноққа солингани ва бунинг натижасида вафот этганидан хабар топди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мазкур суд жараёни қонунийлик ва адолат принципрларига хилоф ўтган, деб ҳисоблайди. Юқори инстанция судларини марҳум Камолиддин Қўзиевнинг ўлими версияларини ўрганиш ва маҳкумга қиной қўллаган тергов органи ва жиноят қидирув бўлими вакилларини жавобгарликка тортишга чақиради!